Туман ҳокимликларига қўшимча маъмурий ваколатлар берилади
Жамият
−
23 Декабрь
7113Туман ва шаҳар ҳокимликларига қўшимча маъмурий ваколатлар берилади. Бу ҳақда Президентнинг “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида келтирилган.
Фармонга мувофиқ, туман (шаҳар)лар ҳокимликларига қуйидаги йўналишларда маъмурий ваколатлар берилади:
- давлат бошқаруви органлари ва тадбиркорлар ўртасида “доимий алоқа” тизимини яратиш мақсадида туман (шаҳар)ларда Тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини тузиш;
- 2025 йил 1 январдан белгиланган вазирлик ва идораларнинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларини масъул вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, шунингдек, тегишли масъулларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;
- 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача белгиланган рўйхат бўйича туман (шаҳар)ларда ҳуқуқий эксперимент тариқасида туман (шаҳар) ҳокимлиги фаолиятини “Аҳоли ва тадбиркорлар манфаатларига хизмат қилиш” янгича ёндашуви асосида ташкил этиш.
Шунингдек, ҳокимликларга қуйидаги ваколатлар берилади:
- 2025 йил 1 мартдан ҳудуди 10 минг метр квадратдан, баҳоланган қиймати 5 минг БҲМдан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини 2 йил ичида янги лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан тадбиркорларга тўғридан тўғри 10 йил муддатга ижарага бериш ҳамда давлат мулки учун 4 йил давомида узлуксиз ижара тўловларини амалга оширган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорга хусусийлаштириш ёки баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиш;
- халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга дастлабки биринчи йили ижара тўлови ундирмасдан 5 йил муддатга кейинчалик унинг муддатини узайтириш шарти билан ижарага бериш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йилдан маҳаллий кенгашларнинг ваколати оширилиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси