Тухель Англиянинг мағлубиятининг сабабларини айтди
Спорт
−
09:37 2649 2 дақиқа
Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухель Жаҳон чемпионати ярим финалида Аргентинага 2:1 ҳисобида мағлуб бўлганига қарамай, ўйиндан кейин ўз қарорларидан афсусланмаслигини айтди. Бу ҳақда Тухель ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
Аргентина ярим финалда Англияни мағлуб этиб, кетма-кет иккинчи марта Жаҳон чемпионати финалига йўл олди.
Тухельнинг таъкидлашича, унинг шогирдлари турнирдаги энг яхши ўйинларидан бирини намойиш этган.
“Ўйин давомида ҳеч нарсадан афсусланмадим. Жамоа бор кучини берди ва биз ғалабага жуда яқин келдик. Менимча, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишга лойиқ эдик. Бу бизнинг энг яхши ўйинларимиздан бири, эҳтимол вазиятни ҳисобга олганда энг яхшиси бўлди. Жамоа юқори даражада ҳаракат қилди. Афсуски, учрашувни якунига етказа олмадик. Гол урганимиздан кейин жуда пассив ўйнай бошладик ва рақибга кўплаб имкониятлар яратиб бердик”, дейди Тухель.
Германиялик мутахассис тактик ўзгаришларига ҳам изоҳ берди.
“Аргентиналиклар деярли ҳар бир юқори тўп учун курашда устун келишди ва доимий равишда узатмаларни етказиб беришди. Шунинг учун ҳимоядаги бўшлиқларни ёпиш ва ҳаводаги курашларда яхшироқ ҳаракат қилиш мақсадида беш нафар ҳимоячига ўтдик. Албатта, масъулият мураббий зиммасида. Агар нимадир нотўғри кетса, айбни биринчи навбатда мураббийдан излашади”, дейди у.
Энди Англия терма жамоаси жорий йилнинг 18 июль куни Майами шаҳрида учинчи ўрин учун баҳсда Францияга қарши майдонга тушади. 2026 йилги Жаҳон чемпионати финалида эса Испания ва Аргентина терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади.
Live
Барчаси