Тўқаевга яқин партия етакчиси Қурултой раиси бўлди
Олам
−
16:14 663 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Адолат” партияси раҳбари Ойбек Дадабой номзодини янги тузилган Қурултой раиси лавозимига таклиф қилди ва депутатлар уни яширин овоз беришда бир овоздан қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Оқўрда хабар берди.
Тўқаевнинг айтишича, янги Конституцияга мувофиқ ҳокимият институтлари ўз фаолиятини бошлаши учун қатор ташкилий ва процедура масалаларини ҳал қилиш зарур. Жумладан, аввало Қурултой раҳбариятини сайлаш ва унинг тузилмасини шакллантириш керак.
Президент Конституциянинг 57-моддасига мувофиқ Қурултой раиси лавозимига номзодни давлат раҳбари илгари суришини таъкидлаган.
“Мен Дадабой Ойбек Аркабой ўғли номзодини ушбу масъулиятли лавозимга таклиф қиламан”, деган Қосим-Жомарт Тўқаев.
Давлат раҳбари Ойбек Дадабой амалда билимли, ватанпарвар ва масъулиятли фуқаро эканини исботлаганини айтиб, Қурултой депутатларидан унинг номзодини қўллаб-қувватлашни сўраган.
Шундан сўнг, депутатлар ўртасида яширин овоз бериш ўтказилган. Унда Қурултой депутатлари Ойбек Дадабой номзодини бир овоздан маъқуллаган ва у Қозоғистоннинг янги бир палатали парламенти – Қурултой спикери этиб сайланган.
Маълумот учун, Ойбек Дадабой 1980 йил 1 апрель куни Олмаота шаҳрида туғилган. У Аблайхон номидаги Қозоқ халқаро муносабатлар ва жаҳон тиллари университетини тамомлаган, шунингдек, минтақашунослик бўйича магистр даражасига эга.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда дипломатик соҳада атташе ва учинчи котиб лавозимларидан бошлаган. Кейинчалик Қозоғистоннинг БМТдаги доимий вакили бўлиб ишлаган ва турли давлат идораларида фаолият юритган. У 2022-2024 йилларда Қозоғистон Президенти ишлари бошқарувчиси, 2024-2026 йилларда эса Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаган. Ойбек Дадабой 2026 йил 7 май куни “Адолат” партияси раҳбари этиб сайланган эди. У Қурултой спикери лавозимига сайланишидан олдин ҳам мазкур партияга раҳбарлик қилиб келган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 август куни Қозоғистонда янгидан ташкил этилган бир палатали Қурултой депутатлари сайлови бўлиб ўтганди.
Live
Барчаси