Тўқаев Японияда. Император уни меҳмон қилди
Олам
−
18 Декабрь 1680 3 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 17 декабрь куни расмий ташриф билан Японияга етиб борди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Токио шаҳридаги Ханэда халқаро аэропортида Қозоғистон Президентни Япония Ташқи ишлар бўйича давлат вазири Аяно Кунимицу кутиб олди.

Бугун, 18 декабрь куни Тўқаев Император саройига борди. Президентни Император Нарухито кутиб олди. Тўқаевнинг Японияга илк расмий ташрифи Император Нарухито билан учрашувдан бошланди. Давлат раҳбари кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.
Президентнинг таъкидлашича, кунчиқар мамлакат кўп йиллар давомида ўз интизоми ва матонати билан Қозоғистон халқини илҳомлантириб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўзаро ҳурмат ва турли соҳалардаги самарали ҳамкорликка асосланган азалий дўстона муносабатлар билан боғланган.
Ўз навбатида, Император Нарухито Қосим-Жомарт Тўқаевнинг ташрифи Япония ва Қозоғистон муносабатлари солномасида муҳим воқеа бўлишига, шунингдек, уларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. Тўқаев ва Император Нарухито икки томонлама ҳамкорлик, шунингдек, халқаро масалалар юзасидан фикр алмашди.

Қосим-Жомарт Тўқаев шарафига Император Нарухито номидан расмий қабул маросими ўтказилди. Учрашув якунида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ва Император Нарухито илиқ хайрлашди.
Қозоғистон Президенти Японияга расмий ташрифи дастурининг давоми сифатида Токиодаги энг йирик синто ибодатхонаси – Мэйжи Жингуга ҳам борди. 1920 йилда барпо этилган комплекс император ибодатхонаси мақомига эга. Унинг ҳудудида тахминан 120 минг дарахт ва буталарга эга гўзал боғ жойлашган.

Ибодатхона Мэйжи императорига бағишланган бўлиб, унинг ҳукмронлиги даврида амалга оширилган чуқур сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Японияни дунёдаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айлантирган.
Тадбир якунланишига қадар Президент Қосим-Жомарт Тўқаев меҳмонлар китобига ёзув қолдирди.
“Мэйжи Жингу ибодатхонаси — мустаҳкам бирлик ва миллий ўзлигининг рамзи, япон халқ учун чуқур тарихий аҳамиятга эга. Куёш чиқадиган мамлакатга фаровонлик тилайман!” деб ёзди давлат раҳбари.
Тўқаев Японияда турли соҳаларда таълим олаётган ёки ишлаётган Қозоғистон фуқаролари билан ҳам учрашди. Учрашув давомида давлат раҳбари ривожланган мамлакатлар, жумладан, Япония тажрибасини ўрганишнинг аҳамиятини таъкидлади.

“Ишонч билан айтаманки, ушбу ташриф мамлакатларимиз муносабатларига янги илҳом бағишлайди. Япон томони ҳам бу ташрифга катта эътибор қаратиб келмоқда. Бугун мен Бош вазир билан учрашув ўтказаман. Албатта, ҳамкорлигимиз катта истиқболга эга бўлади. Қозоғистон янги ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Жорий йилда иқтисодий ўсишимиз 6 фоиздан ошди, бу жуда яхши натижа. Лекин бу билан тўхтамаслигимиз керак. Олдимизда инфляцияни пасайтириш ва инфратузилмани модернизация қилиш вазифалари турибди. Қозоғистон келажакда рақамли давлатга айланиши керак. Олдимизда катта мақсадлар бор”, деди Қосим-Жомарт Тўқаев.
Маълумот учун, шу кунларда Токиода “Марказий Осиё – Япония” мулоқоти давлат раҳбарларининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Тадбир доирасида “яшил иқтисодиёт” ва барқарор тараққиёт, ўзаро боғлиқлик ва минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш каби устувор соҳаларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинади. Саммит якунлари бўйича Токио декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.
Саммит дастлаб 2024 йил август ойида Қозоғистонда ўтказилиши режалаштирилган, аммо Японияда Тинч океани соҳилида мега зилзила хавфи юзага келиши муносабати билан фавқулодда тайёргарликлар сабаб бекор қилинган эди.
Япония ушбу саммит орқали Марказий Осиё билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни мақсад қилган. Саммитда минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Япон расмийлари ушбу тадбирни глобал давлатларнинг минтақага таъсирини мувозанатлаш имконияти сифатида кўрмоқда.
Live
Барчаси