Тўқаев ўз қўли билан Назарбоевни ҳақорат қилишга йўл очиб берди
Олам
−
13 Июль 2023
31837Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Жиноят кодексидан биринчи президент ҳақидаги моддани олиб ташлаш бўйича қонунни имзолади. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Биринчи президентни ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарликни истисно қилувчи норма “Ноқонуний йўл билан олинган мулкни давлатга қайтариш тўғрисида”ги қонунга илова қилинган қонунларга киритилган.
Қонун эълон қилинган кундан бошлаб 10 кун ўтгач, кучга киради. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан боғлиқ бўлган қоидалар бундан мустасно, бундай қонунлар кучга кириши учун умумий талабларга мувофиқ, эълон қилинган кундан бошлаб 60 кун ўтгач кучга киради.
“Активларни қайтариш тўғрисидаги қонунга илова қилинган лойиҳа доирасида жиноий жавобгарликни истисно қилувчи қоидалар мавжуд. Энди у ерда Элбоши ва унинг ваколатлари тилга олинмайди. Бу моддалар энди Жиноят кодексида керак эмас, уларга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки “Элбоши мақоми тўғрисида”ги қонун ҳозир йўқ. Шунинг учун жиноий жавобгарлик керак эмас ва қўлланилмайди”, деб тушунтирган парламентнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари қўмитаси раиси Снежанна Имашева.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди ўзининг биринчи қарорини чиқарди, унга кўра Қозоғистон Республикасининг “Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонуни ўз кучини йўқотган деб топилди. Кўп ўтмай “Назарбоевни алоҳида мақомдан маҳрум этиш тўғрисида”ги қарор парламент томонидан маъқулланди, кейинроқ эса бу қонун президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан имзоланди.
Февраль ойи охирида Молия вазирлиги Нурсултон Назарбоевнинг идорасини молиялаштириш босқичма-босқич қисқартирилишини айтган эди. Март ойи бошида эса Молия вазири ўринбосари Даурен Темирбеков бу йил собиқ президент идорасини молиялаштириш 130 миллион тенгега қисқаришини айтди.