Тўқаев сайловдан кейин биринчи ташрифни “катта оға”никига амалга оширади
Олам
−
21 Ноябрь 2022
7971Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 28 ноябрь куни Оренбургга боради ва у ерда Россия Президенти Владимир Путин билан икки томонлама учрашув ўтказиши кутилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзди.
Икки давлат раҳбарлари Оренбургда икки мамлакат минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида музокаралар ўтказишни режалаштирган.
Форумнинг асосий мавзулари халқаро савдо ва транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш бўлади.
Тўқаевнинг сайловда ғалаба қозонганидан сўнг илк ташрифини Россияга амалга ошириши диққатга сазовордир. Россия Федерацияси Қозоғистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкори бўлиб, ўтган йили у билан товар айирбошлаш ҳажми 24,5 миллиард долларни ташкил этди ва жорий йилда ўсиш тенденцияси кузатилмоқда.
Тўқаев Россияга аввалги ташрифини 7 октябрь куни, Санкт-Петербургда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити бўлиб ўтганида амалга оширган эди. Тўқаев ва Путин ўртасидаги аввалги икки томонлама учрашув 19 август куни Сочида бўлиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 ноябрь куни Қозоғистонда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, мамлакатнинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев сайловчиларнинг 80 фоиздан ортиқ овозини олиб, ғалаба қозонди.
Қозоғистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йилда бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ 1 сентябрь куни Тўқаев халққа мурожаатида муддатидан олдин сайловлар ўтказилишини эълон қилди. 17 сентябрь куни у конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолаб, президент ваколатларини етти йиллик қайта сайланмаслик муддати билан чеклади. Илгари республика раҳбари беш йил кетма-кет икки муддатга сайланиши мумкин эди.