Тўқаев Путин билан Қозоғистонда вакцина чиқаришга келишиб олди
Олам
−
17 Ноябрь 2020
3405Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кеча, 16 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан коронавирусга қарши Россия вакцинасини ишлаб чиқарадиган завод қуриш тўғрисида келишувга эришганини айтди.
"Ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси – маҳаллий вакцинани ишлаб чиқаришни кечиктирмасдан ишга тушириш. Вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилади ва вакциналари ишлаб чиқарадиган завод қурилиши тугайди. Мен Россия Президенти билан Россия вакцинасини ишлаб чиқарадиган завод қуриш тўғрисида келишувга эришдим. Ҳукумат ушбу зарур лойиҳага сармоя жалб қилиш тўғрисида аллақачон музокараларни бошлади", дейди Тўқаев коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши чоралар бўйича йиғилишда.
Тўқаев, шунингдек, Қозоғистоннинг иккита вакцинаси дунёдаги энг истиқболли биологик маҳсулотлар қаторига кириши ва клиник синовлардан ўтаётганини айтди. Қозоғистон раҳбари биологик хавфсизликни таъминлашнинг барча соҳаларида ишларни давом эттириш муҳимлигини қўшимча қилди.
"Бундай чоралар барча ривожланган давлатлар томонидан амалга оширилади. Парламентнинг жорий сессияси тугамагунча, биохавфсизлик тўғрисида қонун лойиҳасини депутатларнинг кўриб чиқишига киритиш керак", дейди у.
Ўтган ҳафта Россия ва Қозоғистон президентлари телефон орқали суҳбат чоғида Қозоғистонда вакциналарнинг биргаликда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш режаларига тўхталиб ўтгандилар.
LiveБарчаси