Тўқаев Қозоғистонда ядро кластерини яратишга буйруқ берди
Олам
−
28 Январь 4310 2 дақиқа
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида биринчи атом электр станцияси қурилишини тезлаштириш ва мамлакатда ядро кластерини яратишни бошлаш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда “Forbes.kz” хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, бу “энергетика танқислиги ўсиб бораётган фонда” жуда ҳам зарур.
“Бундай кластерни ташкил этиш мамлакатимиз тараққиётини таъминлашнинг муҳим вазифасидир”, деган давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент ҳукумат вакилларига атом саноатини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли режалар ишлаб чиқишни топширган.
“Ҳукуматга “Самрук-Казина” билан биргаликда атом саноатини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли режалар ишлаб чиқишни топшираман. Бизга аниқ тасаввур керак. Ҳар томонлама таҳлиллар асосида бўлажак атом электр станцияларини (АЭС) қуриш учун энг қулай жойлар, шунингдек, замонавий ва хавфсиз технологиялар белгиланиши керак”, деган Тўқаев.
Қолаверса, давлат раҳбари парламент ва ҳокимият вакилларидан иккинчи АЭСни қуриш бўйича жой таклифларини кутишини, мамлакат учун атом энергияси жуда кераклигини айтган.
“Бусиз Қозоғистоннинг илғор ривожланиши сўроқ остида қолади. Энергетика бутун иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади. Албатта, барча ҳудудларни энергия билан таъминлаш орқалигина биз уларни фаровонликка олиб боришимиз, аҳоли турмуш даражасини оширишимиз мумкин”, дея қўшимча қилган Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтганди. Натижада мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси қурилишини иштирокчиларнинг 71,12 фоизи қўллаб-қувватлаганди. АЭС 2035 йилгача мамлакат жануби-шарқида, Улкен қишлоғи яқинида (жанубий вилоятларда энергия тақчиллиги республиканинг бошқа ҳудудларига қараганда кўпроқ) қурилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 10-12 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Live
Барчаси