Тўқаев Ироқ Президентига табрик йўллади
Олам
−
13:01 1544 1 дақиқа
Бугун, 13 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Низар Омидийни Ироқ Президенти лавозимига сайлангани муносабати билан самимий табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тўқаев йўллаган табригида давлат ва Ироқ халқининг фаровонлигини таъминлашга қаратилган сиёсий ташаббусларини амалга оширишда муваффақият тилаган.
Шунингдек, Қозоғистон раҳбари анъанавий дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш ришталарига асосланган икки томонлама ҳамкорлик бундан кейин ҳам изчил ривожланишига ишонч билдирган.
Низар Муҳаммад Саид Омидий ироқлик муҳандис ва сиёсатчи ҳисобланади. У Курдистон ватанпарварлар иттифоқи (КВИ) аъзоси бўлиб, 2022–2024 йилларда Бош вазир Муҳаммад Шиа ал-Суданий ҳукуматида Атроф-муҳит вазири сифатида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ироқ парламенти “Курдистон ватанпарварлар иттифоқи” номзоди Низор Муҳаммад Саид Омидийни 227 та овоз билан мамлакатнинг янги Президенти этиб сайлаганди.
Live
Барчаси