Тўқаев америкалик сенаторга давлатлар терроризмга қарши бирлашиши кераклигини айтди
Олам
−
26 Март
2123Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлатлар терроризмга қарши кураш бўйича халқаро коалиция доирасида кучларини бирлаштириши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у АҚШ Сенати аъзоси Стив Дэйнс билан учрашувда сўз очди.
Оқўрда матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат чоғида халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалаларига эътибор қаратилган.
“Президент шу нуқтаи назардан, Қозоғистон дунёда биринчилардан бўлиб Москва вилоятидаги ваҳший террорчилик ҳаракатини кескин қоралаганини ва Россия билан бирдамлигини таъкидлади. Қосим-Жомарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, терроризмга қарши курашда барча давлатлар, бир-бири билан муносабатларидаги қарама-қаршиликларга қарамай, кенг кўламли халқаро коалиция доирасида кучларни бирлаштириши керак. Қозоғистон бу зарур ишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр”, дейилади хабарда.
Музокаралар чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Қозоғистон раҳбари мамлакатда инвестицияларни жалб қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш ва саноатни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари энергетика, фойдали қазилмаларни қидириш ва қайта ишлаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа соҳалардир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Монтана штатидан сайланган сенатор Стив Дэйнс 2023 йилда Марказий Осиёдан 50 минг киши (улардан 17 минг нафари ўзбекистонлик) АҚШ чегарасини кесиб ўтганини айтганди.