Тўқаев Афғонистондаги этник қозоқларни Қозоғистонга олиб келмоқчи
Олам
−
09 Сентябрь 2021
10001Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг айтишича, Қозоғистон Афғонистондан қозоқ диаспораси вакилларини қайтариш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари кеча, 8 сентябрь куни Оқўрда қароргоҳида хорижий мамлакатлар элчиларининг ишонч ёрлиқларини қабул қилиш жараёнида сўз очган.
Тўқаев ўз нутқида Афғонистондаги вазият билан боғлиқ Қозоғистон олиб бораётган саъй-ҳаракатларга тўхталган.
“Қозоғистон долзарб муаммоларни ҳал қилиш учун хорижий шериклар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Аввало, биз ватандошларимизни эвакуация қилишни ташкил қилдик. Энди биз Афғонистондан қозоқлар диаспораси вакилларини, қандасларни (этник қозоқлар ва (ёки) илгари Қозоғистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган қозоқ миллатига мансуб шахслар) қайтариш имкониятини кўриб чиқаяпмиз”, дейди давлат раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, инсонпарварлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, Қозоғистон 57 афғон талабаси учун ўқув визаларини узайтирган.
Аввалроқ, 200 дан ортиқ этник қозоқлар Афғонистондан эвакуация қилиниши мумкинлиги ҳам айтилганди.
Бундан ташқари, Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзларини этник қозоқлар деб таништирган фуқаролар мамлакатнинг Қобулдаги элчихонасига мурожаат қилишини маълум қилмоқда.
LiveБарчаси