Тўқаев 71 ёшда. У туғилган кунини қандай ўтказади?
Олам
−
17 Май
10705Бугун, 17 май куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 71 ёшга тўлди. Давлат раҳбарининг матбуот хизмати Президент бу кунни нишонламаслигини маълум қилди.
Президент маслаҳатчиси ва матбуот котиби Берик Уалининг айтишича, давлат раҳбари туғилган кунини нишонламайди.
“Қосим-Жомарт Тўқаев учун бу оддий иш куни. Президент иш жойида бўлади. Бу сана муносабати билан ҳеч қандай тадбир режалаштирилмаган, маъмурият ходимларидан табриклашдан тийилиш сўралади”, дейди Берик Уали.
Ўтган йили ҳам давлат раҳбари 17 майни одатдагидек ўтказган.
Қайд этиш жоизки, бугун Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Қозоғистонга расмий ташрифини якунлади ва Қосим-Жомарт Тўқаевнинг шахсан ўзи уни пойтахт аэропортида кузатиб қўйди. Ўз навбатида, Анвар Иброҳим Қозоғистон Президентига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, туғилган куни муносабати билан эзгу тилаклар билдирди ва торт совға қилди.
Маълумот учун, Қосим-Жомарт Тўқаев 1953 йил 17 майда Олмаота шаҳрида ёзувчи Кемел Тўқаев ва Олмаота чет тиллар педагогика институти ходими Турар Шабарбоева оиласида туғилган. У 1975 йилда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини (МГИМО) тамомлаган, СССРнинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасида диплом олди стажировкасини тамомлаган, 1983-1984 йилларда Пекин тилшунослик институтида амалиёт ўтаган. 1992 йилда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1975 йилда СССР Ташқи ишлар вазирлигида бошлаган ва Совет Иттифоқининг Сингапур Республикасидаги элчихонасига ишга юборилган. 1979 йилда у СССР Ташқи ишлар вазирлиги аппаратига қайтган. 1984-1985 йилларда СССР Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, кейин Хитой Халқ Республикасидаги Совет элчихонасига юборилган ва 1991 йилгача иккинчи котиб, биринчи котиб ва маслаҳатчи лавозимларида ишлаган.
1992 йилда Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган. 1993 йилда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. 1994 йилда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган. 1999 йил март ойида у Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бўлди. 1999 йил октябрь ойида парламент розилиги ва Қозоғистон Республикаси Президентининг Фармони билан Қозоғистон Республикаси Бош вазири этиб тайинланди. 2002 йил январь ойида у Қозоғистон Республикаси Давлат котиби – Ташқи ишлар вазири бўлди. 2003 йилдан 2007 йилгача – Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири бўлган Тўқаев 2007 йил январь ойида Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси этиб сайланган. 2008 йилда Қозоғистон парламенти юқори палатаси спикери сифатида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси вице-президенти этиб сайланган.
2011 йил март ойида у БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори, шунингдек, БМТ Бош котибининг Қуролсизланиш бўйича конференциядаги шахсий вакили этиб тайинланган. Шунингдек, у Қуролсизланиш бўйича конференция Бош котиби бўлиб ишлаган. МДҲ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашлари раиси этиб сайланган.
Тўқаев 2013 йил 16 октябрда Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси этиб қайта сайланди. 2019 йил 20 март куни у Қозоғистон Республикаси Президенти сифатида қасамёд қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Мирзиёев суҳбатда Қозоғистон Президентини таваллуд куни билан чин юракдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош қозоқ халқига тинчлик ва равнақ тилаган.