Мирзиёев Тўқаевни таваллуд куни билан табриклади
Жамият
−
17 Май
2697Бугун, 17 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев Қозоғистон Президентини таваллуд куни билан чин юракдан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош қозоқ халқига тинчлик ва равнақ тилаган. Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилган.
"Икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир долзарб масалаларни кўриб чиқдилар. Хива шаҳрида бўлиб ўтган амалий учрашувдаги келишувларнинг амалга оширилиши ва бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси муҳокама қилинди", дейилади хабарда.
Билдирилишича, суҳбат давомида савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларининг янги портфелини шакллантириш, бизнес ва ҳудудларни жалб қилган ҳолда саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги кооперацияни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган. Фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.
Маълумот учун, Қосим-Жомарт Тўқаев 1953 йил 17 майда Олмаота шаҳрида ёзувчи Кемел Тўқаев ва Олмаота чет тиллар педагогика институти ходими Турар Шабарбоева оиласида туғилган. У 1975 йилда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини (МГИМО) тамомлаган, СССРнинг Хитой Халқ Республикасидаги элчихонасида диплом олди стажировкасини тамомлаган, 1983-1984 йилларда Пекин тилшунослик институтида амалиёт ўтаган. 1992 йилда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1975 йилда СССР Ташқи ишлар вазирлигида бошлаган ва Совет Иттифоқининг Сингапур Республикасидаги элчихонасига ишга юборилган. 1979 йилда у СССР Ташқи ишлар вазирлиги аппаратига қайтган. 1984-1985 йилларда СССР Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган, кейин Хитой Халқ Республикасидаги Совет элчихонасига юборилган ва 1991 йилгача иккинчи котиб, биринчи котиб ва маслаҳатчи лавозимларида ишлаган.
1992 йилда Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланган. 1993 йилда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. 1994 йилда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган. 1999 йил март ойида у Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бўлди. 1999 йил октябрь ойида парламент розилиги ва Қозоғистон Республикаси Президентининг Фармони билан Қозоғистон Республикаси Бош вазири этиб тайинланди. 2002 йил январь ойида у Қозоғистон Республикаси Давлат котиби – Ташқи ишлар вазири бўлди. 2003 йилдан 2007 йилгача – Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири бўлган Тўқаев 2007 йил январь ойида Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси этиб сайланган. 2008 йилда Қозоғистон парламенти юқори палатаси спикери сифатида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси вице-президенти этиб сайланган.
2011 йил март ойида у БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Женевадаги бўлими бош директори, шунингдек, БМТ Бош котибининг Қуролсизланиш бўйича конференциядаги шахсий вакили этиб тайинланган. Шунингдек, у Қуролсизланиш бўйича конференция Бош котиби бўлиб ишлаган. МДҲ ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашлари раиси этиб сайланган.
Тўқаев 2013 йил 16 октябрда Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати раиси этиб қайта сайланди. 2019 йил 20 март куни у Қозоғистон Республикаси Президенти сифатида қасамёд қилди.