Цукерберг Трампга 1 млн доллар хайрия қилди – WSJ
Олам
−
11:51
1852Meta корпорацияси Марк Цукерберг бошчилигида АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг инаугурацион фондига 1 миллион доллар хайрия қилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрга кўра, Цукерберг ушбу қадам орқали Трамп билан муносабатларни яхшилашга уринган. Трамп ўзининг “Американи қутқариш” китобида Цукербергни 2020 йилги сайловларда ўзига қарши фитна уюштирганликда айблаган ва 2024 йилги сайловларга аралашгани аниқланса, унга умрбод қамоқ жазоси билан таҳдид қилган.
Нашрнинг ёзишича, ушбу ҳаракат Meta корпорациясининг одатий сиёсатидан фарқ қилади. Компания илгари на Трампнинг 2017 йилги, на Жо Байденнинг 2021 йилги инаугурацион фондларига маблағ ажратган. Бундан ташқари, жорий йил ноябрь ойида Цукерберг Трамп билан Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида учрашган. Учрашувда Цукерберг Трампга Meta Ray-Ban ақлли кўзойнакларини намойиш қилган ва улардан бирини совға сифатида берган.
Шунингдек, Meta раҳбарлари Трампнинг янги маъмуриятидаги юқори лавозимли амалдорлар, жумладан, Оқ уй ходимларига раҳбар бўлиши кутилаётган Сьюзан Уайлс, давлат котиби лавозимига номзод Марко Рубио ва бошқа масъуллар билан алоқаларни ўрнатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Теsla, SpaceX ва X ижтимоий тармоғи эгаси Илон Маск Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтишига ёрдам бериш учун қарийб 260 миллион доллар сарфлагани хабар қилинганди.
LiveБарчаси