Трампнинг ёрдамига қарамай, АҚШ мундиални тарк этди
Спорт
−
07 июл 8446 2 дақиқа
Бугун, 7 июль куни Бельгия миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати 1/8 финал босқичида АҚШни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Натижада бельгияликлар чорак финалга йўл олди АҚШ эса мундиални тарк этди.
Сиэтл шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда бельгияликлар сафида Шарль де Кетеларе 9 ва 33-дақиқаларда дубль қайд этди. Шунингдек, Ханс Ванакен 57-дақиқада, Ромелу Лукаку эса 90+3-дақиқада гол урди. АҚШнинг ягона голига Малик Тиллман 31-дақиқада муаллифлик қилди.
АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси Фоларин Балогун учрашувни асосий таркибда бошлади. У Босния ва Герцеговинага қарши аввалги баҳсда (2:0) қизил карточка олган эди. Бироқ FIFA Интизом қўмитаси унинг бир ўйинлик дисквалификациясини бекор қилиб, майдонга тушишига рухсат берди.
Хабарларга кўра, бу жараёнга АҚШ Президенти Дональд Трампнинг шахсан ўзи аралашган. Бироқ, шунга қарамай мезбонлар нимчорак финалда турнир билан хайрлашишга мажбур бўлди.
Эндиликда Бельгия терма жамоаси чорак финалда Испанияга қарши майдонга тушади. Учрашув жорий йилнинг 10 июль куни бўлиб ўтади.
Бельгия ўз тарихида тўртинчи марта Жаҳон чемпионати чорак финалига чиқди. Жамоа 1986 йилги мундиалда тўртинчи ўринни эгаллаган, 2014 йилда чорак финалда мусобақани тарк этган, 2018 йилда эса учинчи ўрин соҳиби бўлган. 2022 йилги Жаҳон чемпионатида эса бельгияликлар гуруҳ босқичидан ўта олмаган эди.
АҚШ терма жамоаси эса 2002 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионати чорак финалига чиқиш имкониятини қўлдан чиқарди. Шунингдек, америкаликлар 2010 йилдан буён тўртинчи марта 1/8 финал босқичида мусобақа билан хайрлашди.
Live
Барчаси