Трампнинг суд жараёни: Собиқ президент айбловни рад этяпти

Олам

image

Кеча, 3 август куни АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Вашингтондаги Колумбия округи федерал суди йиғилишига келди. Бу ҳақда CNN хабар берди

Трампга 2020 йилги сайловларда мағлуб бўлганига қарамай, ҳокимиятда қолишга уринганлиги ҳақидаги расмий айблов ўқиб эшиттирилган. Собиқ президент АҚШга қарши фитна ва ўзи ва унинг тарафдорлари овозларини бекор қилишга уринган сайловчиларни алдаш каби тўртта моддада айбланмоқда. Трамп ўз айбини тан олмаган.

АҚШнинг собиқ президентига Колумбия округидаги судда гувоҳлик бериш учун келиш, шунингдек, иш бўйича маълумотларни ошкор қилмаслик буюрилган. Шу билан бирга, прокурорлар суд жараёни бошлангунига қадар Трампни ҳибсга олмоқчи эмас. Унинг санаси навбатдаги йиғилишда, 28 августда белгиланади.

Суд биносидан чиқиб кетаркан, Дональд Трамп сайловолди ташвиқотига зарар етказиш мақсадида уни таъқиб қилишаётганини айтган. 

"Бу Америка учун жуда қайғули кун", деб қўшимча қилган собиқ президент.

Трампга Капитолий босқини бўйича айблов 

2021 йилнинг 6 январида Дональд Трампнинг минглаб тарафдорлари АҚШ Конгресси амалдаги давлат раҳбари Жо Байденнинг президентлик сайловларида ғалаба қозонганини тасдиқламаслиги учун Капитолий биносига бостириб кирган. Оқибатда тўрт нафар намойишчи ва бир полициячи ҳалок бўлган. Яна 140 нафар полициячи яраланган.

Ҳозирда собиқ президентга қўйилган айбловга кўра, 2021 йилнинг 6 январида Трамп ва унинг шериклари президентлик сайловларида сохта иддаолар тарқатиш, шунингдек, зўравонлик ва тартибсизликларни келтириб чиқариш орқали расмий овоз бериш натижаларини бекор қилишга уринган. Махсус маслаҳатчи Жек Смитга кўра, айнан Трампнинг ёлғонлари Капитолийга ҳужумга сабаб бўлиши мумкин эди.

Дональд Трампдан ташқари яна олти нафар шахсга нисбатан айбловлар қўйилган, уларнинг исмлари ошкор қилинмаган. Айни пайтда, улар орасида собиқ президентга сайловлардаги қаллобликлар ҳақидаги баёнотларни тарқатишга ёрдам берган адвокатлар ҳам борлиги маълум. Бу Трампга қарши очилган учинчи жиноий иш. Илгари унга ҳужжатларни сохталаштириш, шунингдек, мудофаа маълумотларини ноқонуний сақлашда айбланган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг