Трампнинг қароргоҳида зенит-ракета комплекслари жойлаштирилди

Олам

−

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго шахсий қароргоҳи ҳудудида зенит-ракета комплекслари жойлаштирилди, АҚШ Президентининг ўзи эса махсус хизматларнинг хавфсизликка таҳдидлар ортгани ҳақидаги огоҳлантириши фонида бир нечта оммавий сайловолди тадбирларини бекор қилди. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.

“АҚШ Махфий хизмати юқори даражадаги таҳдидлар шароитида ишлаяпти ва биз қўриқланадиган шахсларни ҳимоя қилиш учун илғор қуроллар, технологиялар ҳамда усулларни жорий этган ҳолда хавфсизликни таъминлаш бўйича операцияларимизни доимо мослаштириб бормоқдамиз”, дейди газетага давлатнинг биринчи шахслари хавфсизлигини таъминловчи идора вакили. 

“Palm Beach Daily News” нашри томонидан эълон қилинган фотосуратлар Трамп қароргоҳидан узоқ бўлмаган жойдаги сузувчи баржада иккита “Avenger” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими жойлаштирилганидан далолат беради. Бундай тизимлар “Humvee” зирҳли автомобилларига ўрнатилган яқин масофага мўлжалланган ракеталар билан жиҳозланган бўлиб, ракета зарбалари ва паст баландликда учадиган самолётларни ушлаб қолиш учун мўлжалланган. 

Бундан ташқари, шу ҳафтада Президент Айова ва Канзас штатларида тайёрланаётган сайловолди тадбирларида демократларнинг жиддий таъсирига қарамай, уларни бекор қилишини ва уларнинг ўрнига телемарафонлар ташкил этилишини эълон қилган. Бироқ кеча, 30 октябрь куни Оқ уй Трамп барбир юзма-юз тадбирларни ўтказишга умид қилаётганини маълум қилган. Президент жадвали билан таниш бўлган “The Telegraph” манбасининг айтишича, иккала митинг ҳам якшанба куни бўлиб ўтади.

Таҳдидларнинг юқори даражаси фонида Мар-а-Лаго атрофидаги ҳаво ҳудуди Махфий хизматнинг сўровига биноан Трампнинг ташрифлари вақтида чекланмоқда. Федерал суд материалларига кўра, идора “ножўя таҳдидлар”, жумладан, террористик таҳдидлар ҳақидаги маълумотлар муносабати билан ҳаво ҳудудини доимий асосда ёпишни режалаштирмоқда. Август ойида бир нечта “Avenger” қурилмалари Трамп гольф ўйнаган Нью-Жерси штатидаги Бедминстерда ҳам кўринган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг