Трампнинг Ғазо бўйича режаси Украинага ҳам таъсир қилиши мумкин – Уиткофф
Олам
−
30 Сентябрь 2025 4440 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва Фаластин-Исроил можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга оид режаси Украина инқирозини ҳал этиш жараёнига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стивен Уиткофф “Fox News”га берган интервьюсида сўз очди.
“Президент умумий тинчликни истайди. Бу фақат Ғазо ҳақида эмас, балки у Яқин Шарқнинг бошқа ҳудудларига қандай тарқалиши ҳақида ҳам. Бу ҳатто Россия ва Украинага ҳам таъсир кўрсатиши мумкин”, деган АҚШ вакили.
Уиткоффнинг таъкидлашича, Трампнинг ташаббусини ҳам Форс кўрфази мамлакатлари, ҳам Европа давлатлари қўллаб-қувватламоқда.
“Times of Israel” маълумотларига кўра, Уиткофф йил охирида лавозимини тарк этиши мумкин.
Қайд этиш жоиз, Трамп Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашди. Бу 2025 йилда исроиллик етакчининг АҚШга тўртинчи ташрифи. Музокараларнинг асосий мавзуси – АҚШ томонидан ишлаб чиқилган 21 банддан иборат тинчлик режаси бўлди. У БМТ Бош Ассамблеяси доирасида араб ва мусулмон давлатларига тақдим этилган.
Оқ уй маълумотига кўра, режанинг дастлабки босқичида Исроил кучлари орқага қайтади ва 72 соат ичида гаровдаги шахслар озод қилинади. Эвазига Исроил умрбод жазога ҳукм қилинган 250 нафар фаластинлик маҳбус ва яна 1700 нафар қўлга олинган шахсни озод қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Доҳа шаҳрига қилинган ҳаво ҳужуми учун Катардан узр сўраганди. Нетаньяху Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон бин Жассим Ол Соний билан телефон орқали суҳбатда мамлакат суверенитети бузилгани учун узр сўраган ва ҳужум вақтида ҳалок бўлган хавфсизлик хизматчиси учун афсус билдирган.
Live
Барчаси