Трамп жамоасига яна бир телебошловчини қўшди – WSJ
Олам
−
16 Ноябрь
1647АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп “Fox Business” телеканали бошловчиси ва иқтисодчи Ларри Кадлоуни иқтисодиёт ва молия соҳасида юқори лавозимга тайинлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Трампнинг маслаҳатчилари Кадлоуни Миллий иқтисодий кенгаш раҳбари лавозимига номзод сифатида кўриб чиққан. У ушбу лавозимга Трампнинг биринчи президентлик даврида ҳам эгалик қилган. Бундан ташқари, Кадлоу Молия вазири лавозимига ҳам кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилмоқда.
“Reuters” нашрига кўра, Кадлоуга аввалги лавозимига қайтиш таклиф қилинган, аммо у бу таклифни рад этган. Чунки 77 ёшли иқтисодчи телевидение соҳасидаги ишини тарк этишни режалаштирмаяпти. У яқинда “Fox Business” телеканалида ўз номидаги дастурини давом эттириш бўйича янги шартнома имзолаган.
Маълумот учун, Кадлоу 2001-2014 йилларда CNBC телеканалида бир нечта дастурларни олиб борган. У 2018 йилнинг апрелида Оқ уйда иш бошлаган. АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден маъмуриятида унинг ўрнини Браян Диз эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни Мудофаа вазири лавозимига номзод сифатида кўрсатганди. 44 ёшли Хегсет АҚШ Миллий гвардияси фахрийси бўлиб, у Афғонистон, Ироқ ва Кубанинг Гуантанамо ҳудудида хизмат қилган. Хегсет 2014 йилдан буён “Fox” телеканалида ишламоқда. Шунингдек, Дональд Трамп Тулси Габбардни АҚШ Миллий разведкаси директори лавозимига тайинлашга қарор қилгани хабар қилинганди. Тулси Габбард ҳам ўтмишда “Fox News” телеканалида сиёсий шарҳловчи бўлган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь