Трамп Зеленскийга Москвага боришни таклиф қилди – “Bloomberg”
Олам
−
08:38 1579 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина Президенти Владимир Зеленскийга Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага боришни таклиф этди. Бу ҳақда хабардор манбаларига таяниб, “Bloomberg” ёзмоқда.
Нашр маълумотларига кўра, Трамп ушбу ташаббус билан Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Украина етакчиси билан ўтказилган учрашув чоғида чиққан. Зеленский бунга рад жавобини берган, унга яқин бўлган манбалар эса Трампнинг таклифи уни хафа қилганини билдирган.
Бироқ “Financial Times” нашри учрашувда иштирок этган Украина расмийларига таяниб хабар беришича, Трамп томонидан бундай ташаббус илгари сурилмаган. Уларнинг сўзларига кўра, етакчилар эҳтимолий бўлажак уч томонлама музокараларни муҳокама қилган, аммо “Bloomberg” ёзганидек Зеленскийнинг Россия пойтахтига ташрифи ҳақида гап-сўз бўлмаган.
Киев бир неча бор Путин ва Зеленскийнинг бетараф ҳудудда шахсий учрашувини ўтказишни таклиф қилган. Россия томони эса ҳар сафар ушбу вариантни рад этиб, музокаралар Москвада ўтказилишини талаб қилиб келган. Бунга жавобан Украина расмийлари бундай таклифнинг беъмани эканини айтиб, Путинга Киевга келишни таклиф қилган.
Жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Зеленский декабрь ойида АҚШда бўлиб ўтадиган “Катта йигирматалик” (G20) саммити ҳошиясида Путин билан учрашишга тайёрлигини билдирган ва Украина “жуда яхши музокаралар позициясида” эканини таъкидлаган эди. Кремль эса жавобан анъанавий тарзда бу ташаббусни рад этди ва яна бир бор Украина Президентига Москвага келишни таклиф қилди.
23 сентябрь куни АҚШ Путинни декабрдаги G20 саммитига таклиф этди. Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда ушбу қарор олқишланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Москва “бир қарорга келади” ва “масалани дипломатик каналлар орқали ишлаб чиқади”. Шу билан бирга, ўша куни Песков Путин ва Зеленскийнинг эҳтимолий учрашуви бўйича Кремль позициясини яна бир бор эслатиб ўтди.
“Бизнинг позициямиз яхши маълум. Путин агар хоҳласа, Зеленский Москвага келиши мумкинлигини айтган эди”, дейди матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги урушни юмшатиш учун 3 та зудлик билан амалга оширилиши керак бўлган чорани таклиф қилганди.
Live
Барчаси