Трамп Зеленский билан ҳамфикр – Вэнс
Олам
−
28 Август 3698 2 дақиқа
АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг маъмурияти Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш масаласида Президент Владимир Зеленский билан кўп жиҳатдан ҳамфикрдир. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс USA Today нашри учун берган интервьюсида сўз очди.
Унга кўра, Вашингтон маъмурияти “Украинанинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишни хоҳлайди” ва “Россиянинг бутун мамлакатни эгаллашини истамайди”.
“Бу масалада биз катта даражада Зеленский билан бир фикрдамиз. Баъзи келишмовчиликларимиз бўлса-да, биз, албатта, Украинани ҳимоя қилишни хоҳлаймиз. Россия бутун мамлакатни босиб олишини истамаймиз”, деган АҚШ вакили.
У, шунингдек, сониялар қадар жадаллашиб бораётган уруш босқичи тарафлар учун ҳеч қандай фойдасиз кечаётгани, руслар ҳам, украинлар ҳам бу қонли жанглардан ҳеч қандай муваффақият қўлга киритмаётганини таъкидлаган.
“Барча учун, жумладан АҚШ учун ҳам, энг тўғри қарор қурбонликларни тўхтатиб, музокаралар орқали тинч ечим топиш”, деган Вэнс.
Вэнс аввалроқ NBC каналига берган интервьюсида Россия уруш бошланганидан буён илк бор сезиларли ён беришларга рози бўлганини айтганди. Вице-президентга кўра, асосий ҳал этилмаган масала – ҳудудлар тақдири ва хавфсизлик кафолатлари.
Хавфсизлик масаласида кўплаб ғарбликлар Украинанинг ёнида туриб, мамлакатнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини билдирди. АҚШга Ғарбнинг бу истаги мақбул, аммо Россия бу сафда Хитойни ҳам кўришни хоҳламоқда.
“Reuters”га кўра, ҳудудлар масаласида Россия Украинага Харьков, Суми ва Днепропетровск вилоятларидаги “кичик қисмларни” топширишга, шунингдек, Запорожье ва Херсон фронт чизиғида ҳужумларни тўхтатишга тайёр.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатлари уруш тугаганидан сўнг Украинага хавфсизлик кафолатлари доирасида ёрдам кўрсатишга тайёрлиги ҳақида хабар берилганди. Аммо бу ёрдам фақатгина уруш тугаганидан кейингина берилиши мумкин. Чунки 25 август куни Трамп Россия-Украина можаросини ҳал қилиш учун пул сарфламаслигини айтганди. Бу – уруш барҳам топгунга қадар АҚШ Украинага умуман ёрдам ажратмаслигини англатади.