АҚШ урушдан кейин Украинага ёрдам беради

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари уруш тугаганидан сўнг Украинага хавфсизлик кафолатлари доирасида ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакатлар уруш тугаганидан кейин разведка ва ҳаво мудофааси бўйича ҳамкорлик қилади, бироқ АҚШ ўз қўшинларини Украинага юбормайди.

Маълумотларга кўра, ўтган ҳафта АҚШ Президенти Дональд Трамп Европа раҳбарларига мамлакати Украинага хавфсизлик кафолатларини таъминлашда иштирок этишини билдирган. Шундан сўнг АҚШ расмийлари Европага разведка, кузатув, бошқарув ҳамда ҳаво мудофааси воситаларини таклиф қилган.

АҚШ аллақачон Украинага Patriot ҳаво мудофааси тизимларини етказиб берган. Урушдан кейинги ёрдам таркибига Америка самолётлари, логистика, ер усти радар тизимлари ҳам киритилиши мумкин. Бу Европа кучларига Украинани ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилиш имконини беради.

Хабарда айтилишича, АҚШнинг разведка ва бошқаруви келажакдаги тинчлик битими шароитида ўт очишни назорат қилиш ва Европа кучлари фаолиятини мувофиқлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Бироқ, АҚШ расмийларининг таъкидлашича, бу таклиф фақат Европа давлатлари Украинада ўн минглаб аскар жойлаштиришга розилик билдирса кучга киради. Айрим расмийларнинг огоҳлантиришича, Вашингтон бу таклифни исталган пайт қайтариб олиши мумкин.

Ғарб иттифоқчилари ишлаб чиққан дастлабки режага кўра, Украина уч босқичли мудофаа чизиғига эга бўлиши мумкин:

  • учинчи давлат тинчликпарварлари кузатадиган демилитаризация зонаси;
  • НАТО қуроллари ва тайёргарлигига эга Украина армияси қўриқлайдиган мустаҳкам чегара;
  • ичкарида жойлашадиган, Европа кучлари ва уларни орқадан қўллаб-қувватлайдиган АҚШ.

Шу билан бирга, кўплаб Европа сиёсатчилари Украинага қўшин юбориш масаласига эҳтиёткорона ёндашмоқда. Европадан ташқари Хитой ҳам тинчликпарвар кучларга қўшилиши мумкин. Хитойнинг ўзи бунга розилик билдирган, аммо Зеленский Хитойни қатъий равишда рад этиб келмоқда. Унга кўра, Пекин 2022 йилда урушни тўхтатишга ёрдам бермаган ва 2014 йилда Россия Қримни қўшиб олганида ҳам “ҳеч нарса қилмаган”. 

Шунингдек, “Axios” манбаларига кўра, Хитойни Украина учун хавфсизлик кафолати берувчи давлат сифатида Россия Президенти Владимир Путин ҳам АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Аляскада ўтган учрашувда тилга олган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 август куни АҚШ Президенти Дональд Трамп энди Россия-Украина можаросини ҳал қилиш учун пул сарфламаслигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Patriot

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг