Хитой Украинага қўшин киритишга рози бўлди

Олам

image

Хитой Украина ҳудудида тинчликпарвар миссияга қўшилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда “Welt am Sonntag” хабар берди.

Нашрнинг Европа Иттифоқидаги манбаларга таяниб ёзишича, Пекин бундай қадамни фақат БМТ мандати асосида амалга оширишга рози бўлган. 

“Хитой Украина инқирозига доим очиқ ва холисона ёндашиб, объектив ва адолатли позицияни ҳимоя қилиб келади. Биз барча томонлар умумий, кенг қамровли, ҳамкорликка асосланган ва барқарор хавфсизлик концепциясига амал қилишлари керак, деб ҳисоблаймиз. Хитой бу жараёнда конструктив роль ўйнашга тайёр”, деган Хитой Ташқи ишлар вазири. 

Қайд этилишича, Брюсселда бу ташаббус турлича баҳоланган. Бир томондан, Глобал Жануб давлатлари, жумладан Хитойнинг жалб қилиниши – чет эл қўшинларини жойлаштириш ва сулҳга риоя этилишини кузатиш масаласида қарор қабул қилишга ёрдам бериши мумкин. Бошқа томондан, Европа Иттифоқи расмийларидан бири Хитой Украинада асосан жосуслик фаолияти билан шуғулланиши ва можаро юз берса, нейтрал эмас, балки очиқчасига россияпараст позицияни эгаллаши мумкинлигини айтган.

Шунингдек, кўпчилик ЕИ мамлакатлари турли сабаблар туфайли потенциал тинчликпарварларга олдиндан БМТ мандати берилишига қарши. Аммо Италия бу масалада бир неча ойдан буён қатъий туриб олган.

Украина Президенти Владимир Зеленский жорий йилнинг 21 август куни Хитойнинг хавфсизлик кафолатларини тақдим этувчи давлатлар сафида бўлиш эҳтимолини рад этган. Унга кўра, Пекин 2022 йилда урушни тўхтатишга ёрдам бермаган ва 2014 йилда Россия Қримни қўшиб олганида ҳам “ҳеч нарса қилмаган”.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг эслатишича, 2022 йилда Истанбулда ўтказилган музокараларда Украина учун хавфсизлик кафолатлари принциплари муҳокама қилинган. Ўша пайтда Киев НАТО ва бошқа ҳарбий блокларга қўшилмаслик ҳамда нейтрал мақомни қабул қилишни таклиф этган. Россия эса БМТ Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари – Москва, Пекин, Вашингтон, Лондон ва Париж иштирокида хавфсизлик кафолатлари ғоясини қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, “Axios” манбаларига кўра, Хитойни Украина учун хавфсизлик кафолати берувчи давлат сифатида Россия Президенти Владимир Путин ҳам АҚШ Президенти Дональд Трамп билан Аляскада ўтган учрашувда тилга олган.

Ҳозирча Украина учун хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқишда асосан Ғарб давлатлари – Буюк Британия, Франция ва бошқалар қатнашмоқда. Зеленский эса Туркияни ҳам потенциал кафолат берувчи давлат сифатида кўрсатган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг