Трамп Яқин Шарққа 5 минг денгиз пиёдасини юборди
Олам
−
14 Март 3573 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Яқин Шарққа АҚШ денгиз пиёда қўшинларининг 5 минг нафаргача бўлган қўшимча контингентини, шунингдек, бир нечта ҳарбий кемаларни жўнатишни маъқуллади. Бу ҳақда уч нафар америкалик амалдорга таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) томонидан юборилган сўровни Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет тасдиқлаган. Ҳозирда Японияда жойлашган USS Tripoli десант кемаси бортидаги денгиз пиёдалари билан Яқин Шарқ томон йўл олган. Бу ҳудудда аллақачон бошқа денгиз пиёдалари бўлинмалари ҳам жойлашган.
Трамп аввалроқ омма олдида Эронда қуруқлик операциясини “вақтни бекорга сарфлаш” деб атаган бўлса-да, NBC манбаларига кўра, у муайян стратегик вазифаларни ҳал қилиш учун Эрон ҳудудида чекланган миқдорда қўшин сақлаш ғоясига жиддий қизиқиш билдирмоқда. Гап кенг кўламли босқин ҳақида эмас. Бироқ телеканал манбаларига кўра, АҚШ Президенти Эрон урани захиралари устидан назорат ўрнатиш имкониятини, шунингдек урушдан кейин Теҳрон билан нефть соҳасида Венесуэла модели бўйича ҳамкорлик қилиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда.
Қўшинларни кўпайтириш ҳақидаги қарор Ҳормуз бўғозидаги кескин вазият фонида қабул қилинган. Бу дунё нефти таъминотининг тахминан 20 фоизи ўтадиган асосий стратегик йўлак ҳисобланади. Эрон кемаларга ҳужумларни фаоллаштириб, амалда денгиз ҳаракатини тўсиб қўйгани сабабли хомашё нархлари кескин ошган. Аввалроқ, Трамп АҚШ танкерларни бу бўғоз орқали кузатиб боришга тайёрлигини билдирган. 13 март куни у келаси ҳафта ичида америкалик ҳарбийлар Эронга “жуда кучли зарбалар” беришини айтган.
Бироқ АҚШ маъмурияти ичида ҳарбий кампаниянинг мақсадлари ва муддатлари бўйича якдиллик йўқ. “Axios” манбаларига кўра, Трамп урушни яна камида уч-тўрт ҳафта давом эттириш ғоясига “катта иштиёқ” билан қарамоқда. Унинг фикрича, бу вақт ичида Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини шу қадар заифлаштириш мумкинки, мамлакат ичида қўзғолон юзага келиши эҳтимоли пайдо бўлади. Аммо Президентнинг қарама-қарши баёнотлари (“биз биринчи соатдаёқ ғалаба қилдик”дан тортиб “эрта кетиб бўлмайди”гача) ҳатто, унинг энг яқин маслаҳатчиларини ҳам ҳайратда қолдирмоқда. “Reuters” маълумотига кўра, ҳозир Президент атрофида учта гуруҳ таъсир учун курашмоқда: кескин зарба беришни талаб қилаётган “қирғийлар”, ёқилғи нархлари ва сайловлардан хавотирланаётган сиёсий маслаҳатчилар ҳамда узоқ давом этадиган можарога аралашмасликни талаб қилаётган популистлар.
Европалик иттифоқчилар бу орада ўз иқтисодий манфаатларини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. “Financial Times” маълумотига кўра, Франция ва Италия Эрон билан Ҳормуз бўғози орқали кемалар хавфсиз ўтиши бўйича кафолатлар ҳақида дастлабки музокараларни олиб бормоқда.
Европа Комиссияси фикрича, бу инқироздан асосий фойда кўраётган давлат Россия бўлди. Жаҳон бозорида нефть танқислиги юзага келгани сабабли Трамп маъмурияти Россия нефтига қарши санкцияларни юмшатган. Европа Иттифоқи ҳисоб-китобларига кўра, бу Москвага ҳар куни қўшимча 150 миллион доллар даромад келтирмоқда. Германия канцлери Фридрих Мерц бу қарорни хато деб атаб, Европа Кремлга босимни янада кучайтиришда давом этишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин АҚШга Яқин Шарқдаги урушни тўхтатиш бўйича келишув доирасида Эрондаги бойитилган уран захираларини Россияга олиб чиқиб кетишни таклиф қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси