Трамп Венесуэлага ёрдам таклиф қилди
Олам
−
11:33 1190 1 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Венесуэлада юз берган кучли зилзила ортидан мамлакатга ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда у Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
Унинг таъкидлашича, икки кучли ер силкиниши кенг кўламли тус олган бўлиб, кўплаб қурбонларга сабаб бўлган.
“Венесуэланинг буюк халқини ларзага келтирган иккита кучли зилзила жуда улкан миқёсда бўлди ва кўплаб инсонларнинг ўлимига олиб келди. АҚШ ёрдам беришга тайёр, буни хоҳлайди ва бунга қодир! Мен ҳукуматимизнинг барча идораларига тезкор чоралар кўришга тайёр туриш бўйича кўрсатма бердим”, дея ёзган Трамп.
Шунингдек, АҚШ раҳбари Венесуэладаги зилзила оқибатида юзага келган вайронагарчиликлар ҳақидаги маълумотларни “тасалли бермайдиган” деб атаган.
24 июнь куни кечқурун Венесуэлада ораси 39 сония бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали икки кучли зилзила содир бўлди. Оқибатда Каракас шаҳридаги турар жой бинолари қулаб тушган ёки жиддий зарар кўрган.
Венесуэланинг асосий ҳаво дарвозаси ҳисобланган Симон Боливар номидаги Майкетия халқаро аэропорти терминали томининг бир қисми ҳам қулаб тушган. Шундан сўнг барча авиақатновлар бекор қилинган. Мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла соҳиллари яқинида содир бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали икки кучли зилзила оқибатида камида 32 киши ҳалок бўлгани, қарийб 700 киши жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси