Трамп ўзига суиқасд қилинган жойда нутқ сўзлади

Олам

image

АҚШ президентлигига номзод, республикачи Дональд Трамп кеча, 5 октябрь куни Пенсильвания штати Бутлер шаҳрида сайловолди ташвиқоти митингида нутқ сўзлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Воқеа жойи муҳим, чунки айнан шу ерда июль ойида Трампга суиқасд уюштирилган эди. Сиёсатчи ўз тадбирига минглаб одамларни жалб қилишга муваффақ бўлган. Оммавий ахборот воситалари республикачи билан учрашиш учун келган сайловчилар сонини 13 июль куни 20 ёшли Томас Мэтью Крукс сиёсатчига қарата ўт очган Трамп митингидагидан анча кўп деб ҳисобламоқда. Ўшанда Трамп қулоғидан яраланган, ўқ узган шахс эса АҚШ Махфий хизматининг жавоб ўқидан ўлдирилган.

Янги ташкил этилган тадбир давомида Трампнинг подиуми ҳимоя ойнаси билан ўралган эди, июль ойидаги митингда бундай бўлмаган. Республикачи ўз сўзини аввалги митингга ишора қилиш билан бошлади.

Трамп ўз нутқи давомида ҳам июль ойидаги ҳужумга бир неча бор ишора қилиб, воқеалар унинг тарафдорларини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ, мағрурроқ, бирдамроқ, қатъиятлироқ ва ғалабага яқинроқ қилганини айтди. Сиёсатчининг сўзларига кўра, отишмада у тақдир ва Худонинг инояти билан омон қолган. Шу билан бирга, Трампнинг июль ойидаги митингига ташриф буюрганлардан бири Крукснинг ўқ отишидан ҳалок бўлди, сиёсатчи бу одамни бир дақиқалик сукут билан ҳурмат қилди.

Америкалик миллиардер Илон Маск Трампнинг Бутлердаги сайловчилар билан учрашувига таклиф этилган меҳмон бўлди. У саҳнага чиқиб, сайловчиларни “Америкада демократияни сақлаб қолиш учун” Трампга овоз беришга чақирди. Tesla автомобиль ишлаб чиқарувчиси бош директори ва Х ижтимоий тармоғининг эгаси консерватив қарашлари билан танилган ва ОАВ хабарларига кўра, у республикачи номзоднинг сайловолди ташвиқоти учун ойига 45 миллион долларгача хайрия қилиши мумкин.

Бутлер саҳнасида Маск кўпроқ Трампнинг рақибларини танқид қилишга эътибор қаратди.

“Бошқа томон сизнинг сўз эркинлигингизни тортиб олмоқчи. Улар сизнинг қурол кўтариш ҳуқуқингизни олиб қўймоқчи”, деган Маск.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп бўлган гольф майдончасида унга яқин масофада ўқ узилгани ва бу Трампга нисбатан суиқасд бўлиши мумкинлиги хабар қилинган эди. Шундан сўнг, суиқасдни Гавайида яшовчи 58 ёшли Райан Рут уюштиришга урингани маълум бўлди. Суиқасд уюштиришда гумонланаётган шахс ўқотар қурол сақлашга қўйилган тақиқни бузгани учун 20 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши ва 500 минг доллар жаримага тортилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп суиқасд Пенсильвания штати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг