Трамп таълим вазири сифатида собиқ курашчини танлади
Олам
−
20 Ноябрь
2141АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп таълим вазири лавозимига ишбилармон аёл ва собиқ профессионал курашчи Линда Мари Макмахон номзодини илгари сурди. Бу ҳақда Трамп жамоасининг тегишли баёноти эълон қилинди.
Линда Макмахон Трампнинг давлат раҳбари сифатидаги биринчи муддатида АҚШ Кичик бизнес маъмуриятига раҳбарлик қилган.
“Кичик бизнес маъмуриятининг собиқ раҳбари Линда Макмахон АҚШ Таълим вазири бўлишини эълон қилишдан мамнунман”, дейилади Трампнинг баёнотида.
Республикачи Макмахон америкаликларга ўз фарзандларининг таълим олиши бўйича яхшироқ қарор қабул қилиш имкониятини беришига ишонч билдирди.
“Линда ўзининг ўн йиллик тажрибаси ва таълим ва бизнесдаги чуқур тушунчасидан америкалик талабалар ва ишчиларнинг кейинги авлодларига ёрдам бериш ва Американи дунёдаги таълим соҳасида биринчи ўринга қўйиш учун фойдаланади”, дейди Трамп.
Макмахон турмуш ўртоғи Винс Макмахон билан биргаликда Titan Sports, Inc. (кейинчалик World Wrestling Entertainment, Inc.) спорт-кўнгилочар компаниясига асос солган, у ерда 1980 йилдан 2009 йилгача президент ва кейинчалик бош директор бўлиб ишлаган. Бу вақт ичида компания шимоли-шарқдаги минтақавий бизнесдан йирик трансмиллий корпорацияга айланди.
У вақти-вақти билан экранда, айниқса WrestleMania X-Seven’даги жангларда эри билан чиқишлар қилди. 2009 йилда Макмахон Коннектикутдан АҚШ Сенатида республикачи сифатида қатнашиш учун World Wrestling Entertainment’ни тарк этди, аммо 2010 йилги умумий сайловда демократ Ричард Блументалга ютқазди. У 2012 йилги пойгада Коннектикут штатидаги бошқа Сенат ўриндиғига Республикачилар партиясидан номзод бўлган, аммо демократ Крис Мерфига ютқазган.
Макмахон Шарқий Каролина университетида ўқиган ва икки йил давомида Коннектикут штати таълим кенгашида хизмат қилган. Бундан ташқари, у 2017 йилдан 2019 йилгача АҚШ Кичик бизнес бошқармасини бошқарган. Макмахон ҳозирда Трампнинг ўтиш давридаги жамоаси етакчиларидан бири.
CNN аввалроқ хабар беришича, Трампнинг атрофидагилар Макмахон Савдо вазирлигини бошқариши мумкинлигини истисно этмаган. Бироқ, кеча, 19 ноябрь куни бу лавозимга инвестор ва миллиардер Говард Лутник номзоди илгари сурилди.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Дональд Трамп ўзининг бўлажак маъмуриятидаги лавозимларга номзодларни танламоқда. Трамп Флорида штатидан сенатор Марко Рубиони Давлат котиби, конгрессмен Мэтт Гетцни эса Адлия вазири ва Бош прокурор этиб тайинлаш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни Пентагон раҳбари, конгрессмен Майк Вальсни Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ва бизнесмен Илон Маскни АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаментига раҳбар этиб тайинлашга қарор қилган эди. Шунингдек, Дональд Трамп “Fox Business” телеканали бошловчиси ва иқтисодчи Ларри Кадлоуни иқтисодиёт ва молия соҳасида юқори лавозимга тайинлашни режалаштирмоқда. Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини ҳам тайинлаганди.
LiveБарчаси