Трамп сайлов натижаларини барибир тан олмаслиги маълум бўлди
Олам
−
12 Ноябрь 2020
11317АҚШнинг амалдаги Президенти Дональд Трампнинг бир неча маслаҳатчилари, у барча овозлар натижаси эълон қилингандан кейин ҳам президентлик сайловларидаги мағлубиятини тан олмайди, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда NBC News вазият билан таниш манбаларга асосланиб хабар берган.
Трампнинг маслаҳатчиларидан бири, сиёсатчи сайлов натижаларига қарши чиқиш фикридан қайтади, деган фикрни айтган.
"Унинг сайлов натижаларини тан олишини кутманг. Лекин у: "Биз натижаларга ишонмаймиз. Аммо улар билан баҳслашмаймиз ҳам", деган мазмундаги гап айтади", дея таъкидлаган Трампнинг катта маслаҳатчиларидан бири.
Трампнинг яна бир ёрдамчисига кўра, Оқ уйнинг амалдаги раҳбари сайлов натижалари ўзгариши эҳтимоли нолга тенг эканлигини яхши тушуняпти.
Маълумот учун, АҚШда 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Давлат раҳбари лавозимига демократ Жо Байден ва амалдаги Президент, республикачи Дональд Трамп даъвогарлик қилди.
7 ноябрь куни Американинг етакчи оммавий ахборот воситалари ABC News, CNN, AP ва NBC сайловларда демократ Жо Байден ғалаба қозонганини эълон қилди. Натижалар ҳали расман эълон қилинмаган.