Трамп Путинга сим қоқди. Суҳбат 1,5 соат давом этди
Олам
−
05 июл 7165 3 дақиқа
Кеча, 4 июль куни Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ етакчиси Дональд Трамп телефон орқали мулоқот ўтказди. Унда Украина ва Эрон атрофидаги вазият ҳамда Москва ва Вашингтон ўртасидаги келгуси алоқалар муҳокама қилинди. Музокаралар якунида томонлар мулоқотни давом эттиришга ва яқин орада яна телефон орқали боғланишга тайёр эканликларини тасдиқлади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бу суҳбат бир ярим соат давом этган. Москвага қўнғироқ қилиш ташаббуси билан Вашингтон чиққан (гарчи 4 июль куни Қўшма Штатларда Мустақиллик куни нишонланган бўлса-да).
Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги телефон мулоқоти якунларига изоҳ берган. Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг миллий байрами арафасида Россия раҳбари Трампга табрик телеграммаси йўллаган ва унда конструктив, тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш нафақат икки халқ, балки бутун жаҳон ҳамжамияти манфаатларига мос келишига ишонч билдирган.
“Бу суҳбат жорий йилдаги тўртинчиси бўлиб, табиийки нафақат протокол хусусиятига эга эди, балки амалий ва жуда конструктив руҳда ўтди. Ушбу мулоқот икки томонлама ва халқаро кун тартибидаги долзарб мавзуларни очиқчасига муҳокама қилиш имконини берди. Дарвоқе, бу суҳбат деярли бир ярим соат, аниқроғи – 1 соату 25 дақиқа давом этди.
Президентлар, табиийки, Украина инқирозини ҳал қилиш мавзусига ҳам тўхталиб ўтдилар, жумладан, Дональд Трампнинг 7-8 июль кунлари Туркияда бўлиб ўтадиган НАТО саммитидаги бўлажак иштироки инобатга олинди. Америка етакчиси ҳарбий ҳаракатларни тезроқ тугатишга ҳамда инқирозни бартараф этиш бўйича тинчлик йўлларини излашга кўмаклашишга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади. Унинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер воситачилик саъй-ҳаракатларини давом эттирадилар ва қулай вақтда Москвага келишга тайёр бўлишади”, дейди Юрий Ушаков.
Унинг қайд этишича, Россия томони можарони сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилиш афзалроқ эканини ва бунда Россиянинг маълум принципиал ёндашувлари албатта инобатга олиниши лозимлигини яна бир бор урғулаган.
“Бироқ Киев ва унинг европалик ҳомийлари можарони чўзишга ва ҳатто уни янада авж олдиришга, тинч аҳолига қарши терроризмга содиқ қолмоқда, шу билан бирга, Европанинг “уруш партияси” умумий вазият ва ҳарбий тўқнашув чизиғидаги аҳволни нотўғри идрок этишдан келиб чиқмоқда. Президент жанг майдонидаги реал вазиятни тасвирлаб берди, у ерда Россия Қуролли кучлари биттадан аҳоли пунктини озод қилиб, ишонч билан олдинга силжимоқда”, дея қўшимча қилган Россия раҳбарининг ёрдамчиси.
Россия ТИВ пресс-релизида айтилишича, икки томонлама муносабатлар ҳақида гапирар экан, Президентлар алоқаларни, жумладан, ҳарбий-сиёсий ва, албатта, иқтисодий мавзуларда давом эттириш муҳимлигини таъкидлаган. Бу борада мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг улкан истиқболлари кўзга ташланмоқда. Бунинг учун, Дональд Трамп таъкидлаганидек, Украина можаросини имкон қадар тезроқ якунлаш лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Трампни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан табриклагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси