Трамп Ноэмни вазирликдан қувди
Олам
−
06 Март 9733 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакат Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэмни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда у кеча, 5 март куни Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.
Маълум қилинишича, Кристи Ноэм март ойи охирида АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги раҳбари лавозимини тарк этади. Унинг ўрнига Трамп Республикачи сенатор Маркуэйн Маллин номзодини илгари сурган. Унинг номзоди ҳали АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши керак.
Ноэмнинг истеъфосига Миннеаполис шаҳрида икки нафар АҚШ фуқароси – Рене Гуд ва Алекс Преттининг миграция хизмати ходимлари томонидан ўлдирилиши атрофидаги можаро сабаб бўлгани айтилмоқда. Вазир уларни “ички террористлар” деб атаган ва воқеа тафсилотлари аниқланганидан кейин ҳам бу сўзлари учун узр сўрашдан бош тортган.
Шунингдек, 220 миллион долларлик реклама кампанияси ҳам танқидларга сабаб бўлган. Унда Кристи Ноэм от миниб, Маунт Рашмор фонида тасвирга тушган. Конгресс эшитувларида у бу кампания бюджети Трамп томонидан маъқулланганини айтган, аммо Трамп буни рад этган.
Трамп Кристи Ноэмга иши учун миннатдорлик билдириб, у маъмуриятда Ғарбий ярим шар хавфсизлиги билан шуғулланадиган янги тузилмага раҳбарлик қилишини маълум қилган.
Ноэмнинг эҳтимолий вориси Маркуэйн Маллин ҳам Трампнинг қатъий иммиграция сиёсатини қўллаб-қувватловчилардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, таҳлилчиларга кўра, АҚШ маъмуриятида иммиграция сиёсати асосий ташаббускорларидан бири Стивен Миллер бўлиб қолмоқда.
Эслатб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Иммиграция хизмати ходими Миннеаполис шаҳрида аёлни отиб ўлдирганди. Аёл автомобиль билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини уриб юборишга уринган. 37 ёшли жароҳатланган аёл шифохонага етказилган, бироқ вафот этган. У оила аъзоларидан бирининг кўз ўнгида отиб ташланган. Ҳодиса 2020 йилда полиция ходими томонидан Жорж Флойд ўлдирилган жойдан тахминан 1,5 километр узоқликда юз берган.
Live
Барчаси