Трамп махфий маълумотларни сиздираётган “ифлос итлар”ни топишга ваъда берди
Олам
−
15:18 1439 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича махфий маълумотларнинг сизиб чиқишида айбдорларни топишга ва уларни ўз қилмишлари учун бадал тўлашга мажбур қилишга ваъда берди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Трамп ижтимоий тармоқда “The Washington Post” нашрининг “Эрон ҳақидаги сизиб чиққан маълумотлар Трамп ҳақида нима дейди?” сарлавҳали материалига жавобан ёзган.
“Жуда қизиқ. Албатта ўқиб чиқиш керак! Сизиб чиқаришда давом этинг, эй ифлос итлар! Сизларни топганимизда, жуда қимматли бадал тўлайсизлар”, деб изоҳлаган хабарни Америка етакчиси.
“The Washington Post” мақоласида айтилишича, Эронга қарши ҳарбий операция бошланишидан олдин Трамп зарбанинг эҳтимолий оқибатлари ҳақида Миллий разведка директори Тулси Габбард томонидан огоҳлантиришлар олган.
Нашр келтирган “The Wall Street Journal” маълумотларига кўра, февраль ойида Габбард Трампни ҳужум содир этилган тақдирда Теҳрон Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйиши мумкинлиги, бу эса жаҳон энергия бозорини беқарорлаштириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. WP ёзишича, юқори мартабали ҳарбийлар ҳам шунга ўхшаш хавотирларни билдирган.
“Вице-президент Жей Ди Вэнс, ўз навбатида, эҳтиёткорона ёндашув ва музокаралар тарафдори бўлган, уларнинг фикрича, бу урушдан кўра камроқ харажат талаб қилган”, дейилади материалда.
WP материали муаллифи, колумнист Марк Тиссеннинг ҳисоблашича, ушбу огоҳлантиришлар ҳақидаги хабарларни тарқатаётган нашрлар низо оқибатлари учун жавобгарликни Трампнинг зиммасига юклашга уринмоқда. Унинг ўзи эса, аксинча, маъмурият ичидаги эътирозларга қарамай, Президентнинг зарба бериш қарорини Эроннинг ядро қуролини яратишига йўл қўймасликка қаратилган қадам деб ҳисоблайди.
Эрон ҳақидаги материал мамлакат раҳбариятининг АҚШга душманлик ҳақидаги кўп йиллик баёнотларига таянади ва Вашингтон Теҳронни ва у билан боғлиқ гуруҳларни айблаган деярли беш ўн йиллик ҳужумларни эслатади.
“Агар Эрон буларнинг барчасини ядровий соябонсиз қилган бўлса, унга эга бўлса, қандай вайронкорликлар келтириб чиқаришини тасаввур қилиб кўринг”, дейилади мақолада.
Муаллиф, шунингдек, Эрон билан ядро дастури бўйича узоқ муддатли келишувга эришиш имкониятини шубҳа остига олган ва Трампнинг Эронга берган зарбаларини оқланганини билдирган.
“Трампнинг Эронга ҳужуми хато эмас эди. Бу менинг ҳаётимдаги ҳар қандай Президент томонидан ташқи сиёсатда қабул қилинган энг жасур қарор бўлди”, дейди журналист.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳукумати Эрон билан уруш сабабли ўқ-дорилар танқислиги ҳақидаги маълумотларнинг сизиб чиқиши ушбу маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган тор доирадаги шахслар орасидаги хорижий разведка агенти туфайли юз берган бўлиши мумкинлигидан хавотирга тушгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси