Трамп кичик Кеннедига ҳам лавозим бермоқчи
Олам
−
08:53
2190АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп собиқ мустақил номзод кичик Роберт Кеннедини Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш департаменти раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Бу ҳақда кеча, 14 ноябрь куни республикачи ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
“Узоқ вақт давомида америкаликлар озиқ-овқат саноати ва фармацевтика компаниялари томонидан оғир юк бўлиб келган, улар жамоат саломатлиги ҳақида гап кетганда алдаш, чалғитиш ва нотўғри маълумот беради. Барча америкаликларнинг хавфсизлиги ва саломатлиги ҳар қандай маъмуриятнинг энг муҳим устувор йўналишидир ва вазирлик ҳар кимни зарарли кимёвий ва ифлослантирувчи моддалар, пестицидлар, фармацевтика ва озиқ-овқат қўшимчаларидан ҳимоя қилишда катта роль ўйнайди”, деб ёзган Трамп.
Трампнинг сўзларига кўра, Кеннеди ушбу лавозим учун энг муносиб номзод ҳисобланади.
Роберт Кеннеди сайловолди кампанияси давомида мустақил номзод бўлган, кейин эса Трампни қўллаб-қувватлаган.
Кичик Кеннеди 60 йил аввал ўлдирилган АҚШ президенти Жон Кеннедининг жияни. У ҳуқуқшунослик бўйича маълумотга эга бўлиб, атроф-муҳит ҳимоячиси ва эмланишга қарши турувчи шахс сифатида танилган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Дональд Трамп ўзининг бўлажак маъмуриятидаги лавозимларга номзодларни танламоқда. Трамп Флорида штати сенатори Марко Рубиони Давлат котиби, конгрессмен Мэтт Гетцни эса Адлия вазири ва Бош прокурор этиб тайинлаш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни Пентагон раҳбари, конгрессмен Майк Вальсни Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ва бизнесмен Илон Маскни АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаментига, Миллий разведка директори лавозимига Тулси Габбардни раҳбар этиб тайинлашга қарор қилган эди.
LiveБарчаси