Трамп икки давлат мухлисларининг ЖЧга боришини тақиқлади
Спорт
−
17 Декабрь 8897 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп икки Африка давлати – Сенегал ва Кот-д’Ивуар фуқароларининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатига ташриф буюришини чеклаши мумкин бўлган янги саёҳат тақиқномасини имзолади. Бу ҳақда “The Sun” хабар берди.
Манбага кўра, ушбу тақиқ иш ёки туризм мақсадида қисқа муддатли ташрифларни ҳам қамраб олади, яъни Жаҳон чемпионатига бориш учун рухсат сўраган мухлислар рад этилиши мумкин.
Сенегал терма жамоаси мундиалда “I” гуруҳида Франция, Норвегия ва Боливия/Ироқ/Суринам плей-офф ғолиби билан кураш олиб боради. Уларнинг Франция ва Норвегияга қарши ўйинлари АҚШнинг “Метлайф” стадионида бўлиб ўтади, плей-офф ғолибига қарши ўйинни эса Канаданинг Торонто шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.
Кот-д’Ивуар терма жамоаси эса “E” гуруҳида Германия, Эквадор ва Кюрасао билан бир гуруҳда ўйнайди. Эквадор ва Кюрасаога қарши ўйинлар АҚШда, Германия билан ўйин эса чекловсиз Канадада бўлади.
Трамп фармонида терма жамоалар футболчилари, ходимлари ва яқин оила аъзолари учун истиснолар мавжуд. Аммо янги қоидалар икки мамлакатнинг ўн минглаб мухлислар учун жиддий тўсиқ ҳисобланади. Сенегал ва Кот-д’Ивуардан ташқари бу рўйхатда Эрон ва Гаити ҳам бор, уларнинг мухлислари ҳам турнирда ўз мамлакатларини кузатиб бора олмаслик хавфи остида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон терма жамоасининг энг ёрқин юлдузларидан бири Меҳди Тареми сиёсий муаммолар туфайли мусобақани ўтказиб юбориши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси