Трамп Ғазони “текислаш” билан таҳдид қилди
Таҳлил
−
05 Декабрь
7744АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп жорий йил давомида Ғазо ва Украинадаги босқинни бир зумда тўхтатиш ва дунёдаги урушларга якун ясаш каби баландпарвоз ваъдалар билан сайлов компаниясини ўзига хос интрига билан олиб борди. У бу каби мураккаб масалани қай тарзда ечиши ва кимнинг фойдасига ҳал қилишини очиқламай келди. Аммо сайловдаги ғалабасидан сўнг Трампнинг бу борадаги режалари аста-секин очиқланиб бормоқда. Масалан, баъзи манбалар Европа етакчиларига Россиянинг Украинага босқинини тўхтатиш бўйича музокараларда ҳудудий ён беришга тайёр туриши лозимлиги етказилган, дея хабар берди.
Ғазо масаласида эса Трампнинг ўзи дастлабки ташланажак қадамларни очиқлаб қўя қолди. У 2025 йил 20 январда расман президентлик ваколатларини амалга оширишга киришадиган кунгача ҲАМАС ҳаракати томонидан гаровда сақланаётган 101 киши озод этилмаса, Ғазони янада ҳалокатли кунлар кутиши ҳақида жиддий огоҳлантириш билан чиқди. Аслида Трамп бу сўзларини ўзига қарашли Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида исроилликларни асирга олганлар жавобгар бўлади, деб ёзди. Яъни бир қарашда бу гаплар ҲАМАС ҳаракати аъзоларига қаратилгандек кўринади, албатта. Аммо 14 ойдан буён давом этаётган сектордаги мислсиз қирғинлар шуни кўрсатдики, ҲАМАС ҳаракатини йўқ қилиш важи билан Ғазога бостириб кирган Исроил кучлари ҳаракат қолиб, бегуноҳ тинч аҳолини қатлиом қилиб келмоқда. Шунинг учун Трампнинг асирлар бўйича ҲАМАСга қилган таҳдиди бевосита Ғазодаги тинч аҳолига ҳам қаратилган дейиш мумкин. Чунки борди-ю ҲАМАС Трамп таҳдидини эътиборсиз қолдириб, асирларни қайтармаса ва ҳаракатга қарши ҳужум АҚШнинг сайланган президенти айтганидек янада кучаядиган бўлса, бунда ғазолик оддий халқ яна қирғин нишонига айланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ.
Трамп инаугурациядан олдин Ғазода келишувга эришмоқчи
Оқ уй расмийлари АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни озод қилиш бўйича келишувга эришишга ўз мандатининг сўнгги кунига қадар ҳаракат қилишини таъкидлади. У бу миссияни Оқ уйдаги охирги нияти этиб белгилагани ҳам айтилди. Аммо дунёнинг турли минтақаларида АҚШнинг аралашувида қонли урушлар кетаётган маҳал, 4 йиллик президентлик муддатининг деярли тенг ярмини таътилда ўтказган қария Жодан бундай натижа кутиш амри маҳол. Шундай экан, Трамп бу вазифани ўз зиммасига олишга тайёрлиги айтилмоқда. Трамп билан тез-тез гаплашиб турадиган ва унга ташқи сиёсат, хусусан, Яқин Шарқ бўйича маслаҳатлар берадиган сенатор Линдси Грэм у гаровга олинганларни озод қилиш ва урушни имкон қадар тезроқ тугатиш бўйича келишувга эришилишини исташини маълум қилди. Сенаторга кўра, Дональд Трамп бу иш 20 январда у ўз лавозимига киришгунга қадар амалга ошишини истамоқда.
“Трамп 20 январь куни лавозимга киришидан олдин Ғазо секторида сулҳ ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришмоқчи. Трамп гаровга олинганларни озод қилишда ҳар қачонгидан ҳам қатъийроқ. У гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувни ўз ичига олган сулҳни қўллаб-қувватламоқда. У буни ҳозир амалга оширмоқчи”, деган Грэм.
Сенаторга кўра, Ғазода ҲАМАС томонидан 101 нафар гаровга олинган одам бор ва уларнинг етти нафари Америка фуқароси. Қайд этилишича, Ғазо секторидаги можарони ҳал қилиш бўйича келишув АҚШ Президенти Жо Байденнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади, аммо сўнгги ҳафталарда ҳеч қандай олдинга силжиш йўқлиги, бу вазифа Трампники бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Грэмнинг таъкидлашича, Трамп Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги алоқаларни нормаллаштиришдан олдин Ғазо бўйича келишувга муҳтож. Ҳойнаҳой, Грэм сўнгги пайтларда анча изига тушган ва олдинга силжиб борган Саудия ва Исроил муносабатлари Ғазодаги воқеалардан сўнг, ортга кетганига ишора қилган. Шунингдек, сенаторнинг қўшимча қилишича, минтақада дипломатия Трампнинг ғалабаси туфайли осонлашади, чунки одамлар ундан қўрқишади.
“Агар сиз ёмон одам бўлсангиз ва Трампдан қўрқмасангиз, демак сиз соқовсиз ҳам. Ёмон ва соқов йигитлар узоқ яшамайди”, деган сўзи охирида у.
Асирлар озодлиги ёки Ғазо ҳалокати
Линдси Грэм Трамп зудлик билан Ғазода сулҳга ва асирларни озод қилишга эришмоқчилигини маълум қилгандан сўнг, АҚШнинг сайланган президенти бу борадаги илк ҳаракатларини оғзаки тарзда бошлаб юборди. Дональд Трамп ўзига қарашли Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 2024 йил 20 январь куни президентлик лавозимига келгунга қадар Ғазодаги исроиллик асирлар озод қилинмаса, жиддий чоралар кўришга ваъда берди. Трампнинг бу баёноти амалдаги Президент Жо Байденнинг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни тугатиш ва тинчлик ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларининг самарасизлигини танқиди фонида янгради.
“Ҳамма Яқин Шарқда зўравонлик, ғайриинсоний ва бутун дунё иродасига қарши гаровга олинганлар ҳақида гапиради. Лекин бу шунчаки гап-сўз, аммо ҳеч қандай ҳаракат йўқ! Гаровга олинганлар 2025 йил 20 январгача, яъни мен ғурур билан Америка Қўшма Штатлари президенти лавозимини эгаллашга киришган санадан олдин озод этилмаса, Яқин Шарқда инсониятга қарши бу ваҳшийликларни содир этганлар қаттиқ жавобгарликка тортилади. Айбдорлар Америка Қўшма Штатларининг узоқ тарихи давомида ҳар қандай жазоланганлардан-да қаттиқроқ жазоланади. Ҳозироқ гаровга олинганларни озод қилинг!” деб ёзган Трамп.
Кўриниб турибдики, Трамп учун Ғазодаги тинчлик ва шу кунгача Исроил томонидан қириб ташланган 45 мингга яқин тинч аҳоли ва 105 мингдан ортиқ жароҳатланганлардан кўра, 101 нафар исроиллик асирларнинг тақдири муҳимроқ. Албатта, ультра исроилпараст Трампдан бундан ортиғини кутиш ҳам мумкин эмасди. Сектордаги тинчлик сулҳи эса унга шунчаки тўхтаб қолган Саудия ва Исроил муносабатларини қайта ҳаракатлантириш учунгина кераклиги ҳеч кимга сир эмас.
LiveБарчаси