АҚШнинг 22 та штати Трампни судга берди
Олам
−
09:38
10136АҚШ Президенти Дональд Трампнинг туғилганлик ҳуқуқи асосида фуқаролик беришни чеклаш ҳақидаги фармонига қарши 22 штат судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Жорий йилнинг 20 январь куни республикачи Президент янги фармон имзолаб, унга кўра федерал идораларга АҚШ фуқароларига одатда бериладиган ҳужжатларни беришни тақиқлади. Бу чоралар ушбу қарор кучга кирганидан кейин 30 кун ичида туғилган болаларга нисбатан қўлланади.
Бундан ташқари, ушбу чеклов ота-онаси АҚШда ноқонуний равишда яшаётган болаларга ҳам тегишли бўлади. Янги чораларга кўра, бу ҳолатлар вақтинча АҚШда бўлиб турган онага (масалан, визаси билан) ва отаси мамлакат фуқароси бўлмаган болаларга тааллуқли бўлади.
Фармон Демократлар партиясига мансуб штатлар томонидан судга берилди. Бу штатлар орасида Вашингтон, Орегон, Аризона, Иллинойс, Нью-Йорк, Калифорния, Колорадо, Коннектикут, Делавэр, Гавайи, Мен, Мериленд, Массачусетс, Мичиган, Миннесота, Невада, Нью-Жерси, Нью-Мексико, Шимолий Каролина, Род-Айленд, Вермонт ва Висконсин бор.
Даъвогарларнинг таъкидлашича, Президентнинг бу қарори АҚШ Конституциясининг 1868 йилда ратификация қилинган ва 100 йилдан ортиқ вақт давомида Америка судлари томонидан изоҳланган 14-тузатмасига зид. Шу пайтгача туғилганлик бўйича фуқаролик олишнинг ягона истисноси АҚШда аккредитациядан ўтган хорижий дипломатларнинг фарзандлари бўлиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп АҚШда туғилганлик ҳуқуқи асосида фуқаролик олишни чекловчи фармонни имзолагани хабар қилинганди.
LiveБарчаси