Трамп фаластинликларни Африкага кўчирмоқчи – ОАВ
Олам
−
15 Март
3378Исроил ва АҚШ Президент Дональд Трампнинг Ғазо секторидан фаластинликларни мажбурий кўчириш режаси доирасида Шарқий Африка давлатлари билан музокараларга киришди. Бу ҳақда Исроил ва АҚШ расмийларига таяниб, “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ ва Исроил кўчириладиган фаластинликларни Судан, Сомали ва 1991 йилда Сомалидан мустақиллигини эълон қилган Сомалиленд минтақасига жойлаштириш бўйича келишувга эришишга ҳаракат қилган.
Бироқ Судан расмийлари АҚШ таклифини рад этган. Сомали ва Сомалиленд вакиллари эса нашрга бу борада ҳеч қандай сўров олмаганини маълум қилган.
AP'нинг ёзишича, бу алоқалар АҚШ ва Исроилнинг халқаро танқидларга қарамай, фаластинликларни депортация қилиш режасини илгари суришга қатъий қарор қилганидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қабул қилар экан, АҚШ Президенти Вашингтон Ғазо сектори устидан назорат ўрнатишини ва “барча хавфли портламаган бомбалар ва бошқа қуролларни олиб ташлаш учун жавобгар бўлишини”, қирғоқ чизиғини “Яқин Шарқ Ривьраси”га айлантиришини айтганди.
“Биз уни ривожлантирамиз, минглаб иш ўринларини яратамиз. Бу бутун Яқин Шарқ фахрланиши мумкин бўлган нарса бўлади”, деб ваъда берди Трамп.
Шундан сўнг, Дональд Трамп Ғазо секторида яшовчи фаластинликларни кўчиришни таклиф қилди. Нетаньяху Трампнинг ташаббусини маъқуллаб, уни “инқилобий” деб атади.
Ўз навбатида, фаластинликлар, қатор араб давлатлари ва АҚШнинг Ғарб иттифоқчилари республикачини танқид қилиб, уни халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади.
Танқидларга қарамай, 10 февраль куни Дональд Трамп Ғазо секторини сотиб олиш ниятини тасдиқлади.
“Уни қайта тиклашга келсак, биз уни Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга беришимиз мумкин, улар ҳудудининг бир қисмини қуриши мумкин; бошқа одамлар буни бизнинг ҳомийлигимиз остида амалга ошириши мумкин”, дейди у.
Трамп, шунингдек, АҚШнинг иттифоқдошлари Иордания ва Миср, агар фаластинликларни Ғазо бўйича баҳсли режасини қабул қилишдан бош тортса, уларга ёрдам беришни “назарий” тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.
4 март куни Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси раислигида Фаластин Давлати илтимосига биноан фавқулодда араб саммити бўлиб ўтди. Саммит иштирокчилари Миср томонидан тайёрланган Ғазони қайта қуриш режаси ва якуний декларацияни бир овоздан қабул қилди.