Трамп депортациянинг биринчи босқичларида 1 млн одамни АҚШдан чиқариб юборади – “Bloomberg”
Олам
−
17 Декабрь
3096АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш сиёсатини амалга оширишнинг биринчи босқичида 1 миллион одамни мамлакатдан чиқариб юборишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Қайд этилишича, устувор гуруҳга жиноят содир этган ёки бошпана олмасдан мамлакатдан якуний депортация буйруғини олган мигрантлар киради. Трамп аллақачон Мексика ва Сальвадор раҳбарлари билан мигрантлар масаласини муҳокама қилган, бироқ батафсил эмас.
Манбаларнинг агентликка маълум қилишича, сайланган президентнинг ўтиш гуруҳи ҳозир норасмий каналлар орқали Мексика ва Сальвадор ҳукумати вакиллари билан ишламоқда. Улар Трамп ўзининг оммавий депортация режасининг бир қисми сифатида депортация қилмоқчи бўлган миллионлаб ноқонуний муҳожирларнинг бир қисмини қабул қилишга рози бўлишларига ундамоқчи. Бу саъй-ҳаракатлар янги маъмурият сиёсатчининг сайловдаги асосий ваъдаларидан бирини тезда амалга оширишга киришишини таъминлашга қаратилган.
Агентликнинг ёзишича, Вашингтон учинчи давлатларнинг муҳожирларни қабул қилишга розилигини таъминлаши керак, чунки уларнинг муҳим қисми Куба, Венесуэла ва Никарагуа каби Қўшма Штатлар билан муносабатлари ёмон бўлган мамлакатлар фуқаролигига эга.
Мексика АҚШдан депортация қилинган тақдирда фақат ўз фуқароларини қабул қилишга тайёрлигини аллақачон маълум қилган. Мексика ва Сальвадор ҳукуматлари агентликка Трамп вакилларининг сўровларига изоҳ бермади. Иммиграция ва божхона назорати (ICE) “Bloomberg”нинг АҚШдан депортация қилиниши кутилаётган одамлар сони ҳақидаги маълумот сўровига жавоб бермади.
Аввалроқ Трамп инаугурациядан сўнг Америка тарихидаги ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш бўйича энг йирик операцияни амалга ошириш ниятида эканини оммавий чиқишларида бир неча бор айтган эди. Миграция инқирози АҚШ сайлов кампаниясининг асосий масалаларидан бирига айланди. АҚШнинг амалдаги Президенти, демократ Жо Байден 2025 йилнинг 20 январида давлат раҳбари ваколатларини Трампга ўтказади.
LiveБарчаси