Трамп бўлажак Ички ишлар котиби сифатида Шимолий Дакота губернаторини кўрсатди
Олам
−
10:51
795АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трамп Шимолий Дакота штатининг губернатори, собиқ дастурий таъминот компанияси раҳбари Дуглас Бергамни Ички ишлар котиби (Ички ишлар вазири лавозимига тўғри келади) лавозимига номзод этиб танлади. Бу ҳақда кеча, 14 ноябрь куни Трамп берган баёнотга асосланиб, “Reuters” хабар берди.
Трампнинг айтишича, 68 ёшли Бергам ўзини анъанавий, бизнесга йўналтирилган консерватор сифатида намоён этган. У Республикачилар партиясидан президентлик номзодлиги учун Трампга қарши курашган, сўнгра номзодини қайтариб олиб, унинг содиқ тарафдорига айланган. Шундан сўнг, у маблағ йиғиш тадбирларида иштирок этиб, телеканаллар орқали Трампни қўллаб-қувватлаган.
2016 йил 8 ноябрда Бергам Шимолий Дакотадаги губернаторлик сайловларида ғалаба қозонган. Тўрт йил ўтгач, у 67,84 фоиз овоз билан иккинчи муддатга сайланган.
Маълумотларга кўра, ғалабадан кейин Трамп ҳукуматнинг муҳим лавозимларига тажрибаси кам бўлган бир нечта содиқ кишиларини тайинлаган. Бу баъзи иттифоқчиларни ҳайратга солган ва унинг Америка институтларини қайта шакллантириш, ҳатто баъзи ҳолларда синовдан ўтказишга жиддий муносабатда эканини яққол кўрсатган.
Қайд этилишича, Ички ишлар котиби мамлакатнинг бешдан бир қисмини ташкил этувчи 500 миллион акр (202,3 миллион гектар) федерал ва қабила ерларидан фойдаланишни бошқарадиган сиёсатни назорат қилади.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Дональд Трамп ўзининг бўлажак маъмуриятидаги лавозимларга номзодларни танламоқда. Трамп Флорида штати сенатори Марко Рубиони Давлат котиби, конгрессмен Мэтт Гетцни Адлия вазири ва Бош прокурор этиб тайинлаш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни Пентагон раҳбари, конгрессмен Майк Вальсни Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ва бизнесмен Илон Маскни АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаментига, Миллий разведка директори лавозимига Тулси Габбардни, собиқ мустақил номзод кичик Роберт Кеннедини эса Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш департаменти раҳбари лавозимига номзод қилиб кўрсатганди.
Моҳинур Каримова