Трамп бир йилда 600 млн доллардан ортиқ даромад қилди
Олам
−
14 Июнь 3442 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп ўтган йили криптовалюталар, гольф-клублар, лицензиялар ва бошқа лойиҳалар орқали 600 миллион доллардан ортиқ даромад олди. Бу ҳақда унинг очиқ молиявий декларациясига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашр ҳисоб-китобларига кўра, эндиликда Президентнинг активлари камида 1,6 миллиард долларга тенг. Трампнинг бойлигининг асосий қисмини қурилиш лойиҳаларидан тушган даромадлар, крипто маконидаги иштироки ва бошқа бизнеслардан олинган фойда ташкил этади.
Декларацияга кўра, Дональд Трампга даромад келтирган манбалар:
- Трампга тегишли учта гольф-курорт – 217,7 миллион доллар;
- Trump National Doral хусусий гольф-клуби – 110,4 миллион доллар;
- Вьетнамдаги лойиҳа бўйича лицензия тўловлари – 5 миллион доллар;
- Ҳиндистондаги қурилиш лойиҳаси – 10 доллар миллион;
- Дубайдаги лойиҳа бўйича лицензиялаш – деярли 16 миллион доллар;
- World Liberty орқали токен сотувларидан тушган даромад – 57,35 миллион доллар;
- Унинг суратлари туширилган NFT рақамли карточкаларидан – 1,16 миллион доллар.
У, шунингдек, ўз исми ёки қиёфасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун тўланадиган пуллардан ҳам фойда кўрди:
- Greenwood Bible – 1,3 миллион доллар;
- Trump Watches (Трамп соатлари) – 2,8 миллион доллар;
- Trump Sneakers and Fragrances (Трамп оёқ кийимлари ва атирлари) – 2,5 миллион доллар.
Нашрнинг ёзишича, Трамп Truth Social ижтимоий тармоғининг эгаси бўлган Trump Media & Technology Group'даги улушидан ҳам фойда олади. У, шунингдек, пассив инвестициялардан олинадиган фоиз ва дивидендларга эга, уларнинг умумий қиймати камида 211 миллион долларни ташкил этади.
“Унинг баъзи бизнеслари, масалан, криптовалюталар соҳасидагилари, АҚШда у Президентлик қилган даврда юз берган сиёсий ўзгаришлардан фойда кўрмоқда ва танқид остида қолди”, дейилади хабарда.
2025 йилда Дональд Трамп ўзининг $TRUMP номли мемкоинини чиқарди, у орқали тахминан 320 миллион доллар миқдорида комиссия даромади олинди, биринчи хоним Мелания Трамп эса ўзининг NFT коллекциясидан тахминан 216 минг 700 доллар миқдорида фойда кўрди.
Қайд этилишича, декларацияда кўпинча активлар ва даромадлар қиймат оралиқларида кўрсатилган, шунинг учун “Reuters” пастки чегара рақамларини ишлатган. Бу эса умумий активлар ва даромадлар аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини англатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трампнинг оилавий бизнес империяси Трамп президентликка қайтганидан кейин бир ой ичида камида 2 миллиард доллар даромад топгани хабар қилинганди.