Трамп АҚШ мудофаа бюджетини 1 трлн доллардан оширмоқчи
Олам
−
02 Май 3690 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти мамлакатнинг мудофаа харажатларини кескин оширишни режалаштирмоқда. Трамп тайёрлаган 2026-йилги бюджет лойиҳасига кўра, АҚШ миллий хавфсизликка 1,01 триллион доллар ажратади – бу жорий йилги кўрсаткичдан 13 фоиз кўп дегани. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бу 1980 йилларда Рональд Рейган ҳарбий харажатларни кўпайтирган даврни эслатади. У ўша пайтда “юлдузли урушлар” дастурини йўлга қўйган ва Европада ядро ракеталарини жойлаштирган.
Маълум бўлишича, Трамп Пентагонга 961 миллиард доллар ажратишни назарда тутмоқда – бу жорий йилдагидан 112,7 миллиард, Байден маъмуриятининг 2026 йил учун прогнозидан эса 84,2 миллиард доллар кўп.
“Агар бу лойиҳа қабул қилинса, АҚШ тарихида илк бор ҳарбий харажатлар 1 триллион доллардан ошади”, дейилади хабарда.
Лойиҳа доирасида қуйидаги ташаббуслар кўзда тутилган:
- “Олтин гумбаз” номли ракетага қарши мудофаа тизими яратиш;
- Янги ҳарбий кемаларни қуриш;
- Ядро триадасини модернизация қилиш;
- Ҳарбий хизматчилар маошини 3,8 фоизга ошириш.
Бу ўсиш фонида Трамп ички фуқаролик дастурларига ажратиладиган маблағни 22,6 фоиз (163 млрд доллар)га қисқартирмоқчи. Кескин қисқартириш қуйидаги соҳаларга тааллуқли бўлади:
- Қайта тикланувчи энергетика;
- Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
- Ирқий тенгсизликни бартараф этиш дастурлари;
- Халқаро ёрдам дастурлари;
- National Science Foundation илмий лойиҳалари;
- Таълим вазирлиги;
- Уй-жой ва шаҳар ривожлантириш вазирлиги.
Нашрга кўра, Трамп дастлаб бюджет харажатларини 2 триллион долларга қисқартиришни режалаштирган. Бу борада у Илон Маск раҳбарлигидаги “Ҳукумат самарадорлиги департаменти”га (DOGE) таянмоқчи эди. Бироқ кўплаб ислоҳотлар судлар томонидан тўхтатилди ва ҳозирда қисқартириш ҳажми 150 миллиард долларгача туширилди.
“Трампни бундай радикал чоралар кўришга ундаётган асосий сабаб АҚШ бюджет тақчиллиги. Ўтган йили у 3 триллион доллардан ошган, 2025 йил февраль ҳолатига кўра эса 1 триллион доллар чегарасидан ўтган. Давлат қарзини қоплаш учун фоиз тўловлари ҳар йили 1,2 триллион долларни ташкил этиб, федерал бюджетнинг 20 фоизини ютиб юбормоқда. Бу 2020 йилдан бери уч бараварга ўсиш демакдир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Стокгольм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти 2024 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар рекорд кўрсаткичга – 2,7 триллион долларга етгани хабар қилинганди. Бу ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга кўп дегани ва совуқ уруш тугаганидан бери энг кескин ўсиш сифатида қайд этилган.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь