2024 йилда дунё давлатлари қуролланишга рекорд даражада пул сарфлади
Бу қизиқ
−
28 Апрель 3380 2 дақиқа
2024 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар рекорд кўрсаткичга – 2,7 триллион долларга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга кўп дегани ва совуқ уруш тугаганидан бери энг кескин ўсиш сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Стокгольм тинчлик муаммоларини ўрганиш халқаро институти (SIPRI) ҳисоботида сўз боради.
Институт маълумотига кўра, мудофаа харажатларининг ошиши кетма-кет ўнинчи йил кузатилмоқда. Энг катта ўсиш Европа ва Яқин Шарқда рўй берган ва бу тўғридан тўғри Украинадаги уруш ва Ғазо секторидаги можаролар оқибати. Хусусан, Германияда ҳарбий харажатлар сезиларли даражада ошиб, 88,5 миллиард долларни ташкил этди – бу 2023 йилга нисбатан 28 фоиз кўпроқ. Эндиликда Германия ҳарбий бюджети ҳажми бўйича АҚШ, Хитой ва Россиядан кейин дунёда тўртинчи ўринни эгалламоқда.
Украина ва Россияда ҳам рекорд даражадаги мудофаа харажатлари қайд этилган. Жумладан, Украина ўтган йили ялпи ички маҳсулотининг 34 фоизини мудофаа учун ажратган. Таққослаш учун – Германия бу мақсадга ЯИМнинг тахминан 2 фоизини сарфлаган.
Россия ҳарбий харажатларини 38 фоизга ошириб, 149 миллиард долларга етказган. Бу унинг ялпи ички маҳсулотининг 7,1 фоизини ташкил этади. Хитой ҳам ҳарбий харажатларини 7 фоизга ошириб, 314 миллиард долларга етказган ва шу тариқа 30 йилдан бери давом этаётган ўсиш тенденциясини давом эттирган.
АҚШ эса ҳарбий харажатлар бўйича етакчилигини сақлаб қолди – унинг мудофаа бюджети 997 миллиард долларни ташкил этмоқда. Бу глобал ҳарбий харажатларнинг 37 фоизига тенг дегани.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йилда дунёнинг энг йирик 100 та қурол ишлаб чиқарувчиси 632 миллиард доллар ишлаб топгани хабар қилинганди. Қурол савдосидан тушган даромадларнинг ўсиши бутун дунёда кузатилган, айниқса Россия ва Яқин Шарқ компаниялари орасида юқори бўлган. Ушбу саноатдаги 100 та йирик глобал компанияларнинг қурол сотишидан тушган умумий даромади 2022 йилда пасайган, аммо 2023 йилда кескин ошиб, 632 миллиард долларга етган. Бу эса бундан икки йил олдинги кўрсаткичга нисбатан 4,2 фоизга кўп.