Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиқишда иштирок этганларни жазоламоқчи – ОАВ
Олам
−
10:19
4045АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг жамоаси 2021 йилда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишда қатнашган амалдаги ва собиқ юқори мартабали ҳарбийларнинг рўйхатини тузмоқда ҳамда уларни жавобгарликка тортиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, NBC News хабар берди.
Телеканал манбасига кўра, Трамп жамоаси ушбу қарорга алоқадор шахсларни аниқлаш мақсадида махсус комиссия ташкил этишни режалаштирмоқда. Хусусан, улар ҳарбийларга давлатга хиёнат каби айбловларни қўйиш ва уларни ҳарбий трибуналга тортиш имкониятларини ўрганмоқда.
“Трамп жамоаси бунга жуда жиддий қараяпти”, дейди телеканал манбаларидан бири.
Билдирилишича, ушбу масалани бошқараётганлар орасида собиқ мудофаа вазирининг наркотиклар ва глобал таҳдидларга қарши кураш бўйича ёрдамчиси ўринбосари Мэтт Флинн ҳам бор. Бироқ АҚШ ҳарбийлари амалдаги Президент Жо Байденнинг буйруғини бажаргани сабабли давлатга хиёнат каби айбловларнинг ҳуқуқий асоси ҳали аниқланмаган.
Маълумот учун, АҚШ қўшинлари 2001 йил 11 сентябрь терактларидан сўнг Афғонистонга киритилган эди. Уларнинг асосий мақсади ушбу ҳужумлар учун жавобгар деб топилган “Ал-Қоида” гуруҳини йўқ қилиш бўлган. 2020 йилда миссияни тугатиш бўйича дастлабки келишувни Трамп имзолаган. Қўшинлар олиб чиқилиши бир йил ўтиб, Байден президентлиги даврида амалга оширилган. Шундан сўнг Афғонистонда ҳокимиятни “Толибон” ҳаракати (ҳозирги муваққат ҳукумат) эгаллаган.
Жо Байден "Толибон" ҳукуматини тан олишдан бош тортмоқда. Охирги йилларда “Толибон” аёллар ҳуқуқларини кескин чеклаб қўйди. Шу сабабли АҚШ ва унинг иттифоқчилари уларни инсон ҳуқуқлари масалалари ва минтақада террорчилик гуруҳларининг тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 5 ноябрда бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловларида Трамп ғалаба қозонганди. У Афғонистондан қўшинларни олиб чиқишни “тарихдаги энг шармандали лаҳза” деб атаган. Республикачи президентликка қайтгач, Афғонистондаги “фалокат”га алоқадор ҳар қандай юқори мартабали ҳарбий амалдорни ишдан бўшатишга ваъда берган. Ўз навбатида, "Толибон" Трампнинг ғалабасини АҚШ билан муносабатларни янги саҳифадан бошлаш имконияти билан боғламоқда.