“Толибон” ҳам Трампнинг сайловдаги ғалабасига муносабат билдирди
Олам
−
06 Ноябрь
12189Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Дональд Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг Оқ уй бошқаруви янги маъмуриятга ўтгач, Қобул ва Вашингтон ўртасида “янги боб” очилишига умид билдирди. Бу ҳақда бугун, 6 ноябрь куни муваққат ҳукумат Ташқи ишлар вазирлиги вакили Абдул Қоҳир Балхийга таяниб, “Ariana news” хабар берди.
Билдирилишича, вазирлик келажакда Дональд Трамп президент бўлиши билан АҚШ ҳукумати ўз мақсадларига етиш учун реал қадамлар қўйишини ҳамда Қобул ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларда сезиларли тараққиётга эришишига умид қилмоқда.
Балхий, шунингдек, “Толибон” икки давлат ўртасида ўзаро муносабатлар асосида янги бир босқични бошлаш умидида эканини билдирган. Бундан ташқари, у Афғонистон ва АҚШ ўртасидаги Доҳа келишуви Дональд Трампнинг президентлиги даврида имзоланганини, шундан сўнг Афғонистонда 20 йиллик босқинчилик тугаганини қайд этган.
“Толибон” Трампнинг минтақадаги ва дунёдаги ҳозирги урушларни, хусусан, Ғазо ва Ливандаги зиддиятларни якунлашда конструктив роль ўйнашига умид қилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 ноябрь куни АҚШда мамлакат президентлиги учун навбатдаги сайловлар бошланган эди. Унда республикачилардан Дональд Трамп ва демократлардан Камола Ҳаррис рақобатлашди. Дастлабки натижаларга кўра, собиқ президент Дональд Трамп сайловдаги ғалабасини эълон қилди. Шундан сўнг, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни Америка Қўшма Штатлари Президенти этиб сайлангани билан табриклади.
LiveБарчаси