Трамп 3 йил аввалги тинтувлар учун ҳукуматдан товон олмоқчи
Олам
−
21 Декабрь 1607 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Федерал қидирув бюроси унинг уйини тинтув қилгани учун ҳукумат номидан судга мурожаат қилиши ва ўзига 1 миллиард доллар товон пули талаб қилиши мумкин. Бу ҳақда у жорий йилнинг 19 декабрь куни Шимолий Каролинада сўзлаган нутқида айтди.
Унинг сўзларига кўра, у тушган маблағни хайрия жамғармаларига эҳсон қилишга тайёр.
Тарафдорлари олдидаги нутқида Америка етакчиси махфий ҳужжатларни сақлаш бўйича тергов доирасида Мар-а-Лагода ўтказилган тинтув ҳаракатлари бўйича федерал ҳокимиятга қарши судга даъво аризаси берганини эслатди. Трамп илгари бу ишни сиёсий мотивларга асосланган ва президентликка номзод сифатида уни нишонга олишга қаратилган деб таърифлаган эди.
Мар-а-Лагода тинтувлар 2022 йилнинг август ойида АҚШ Адлия вазирлигининг илтимосига биноан ўтказилди. ФҚБ Трампнинг биринчи муддати тугаганидан кейин Оқ уйдан олиб ташланган бирон-бир махфий ҳужжатларни сақлаб қолганми ёки йўқлигини текшираётган эди. Тинтув давомида агентлар 11 та махфий ҳужжатлар тўпламини мусодара қилди.
Республикачи ФҚБнинг ҳаракатларини сиёсий мотивли деб атади ва ҳужжатларни ихтиёрий равишда топширишга тайёр эканини даъво қилди. 2024 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонганидан сўнг, жиноят ишлари тўхтатилди ва 2025 йилнинг март ойида ФҚБ мусодара қилинган материалларни қайтариб берди.
2025 йилнинг октябрь ойи охирида “The New York Times” газетаси Трамп АҚШ Адлия вазирлигидан унга қарши терговлар учун тахминан 230 миллион доллар товон пули тўлашни талаб қилганини хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатнинг 2026 молия йили учун мудофаа бюджетини имзолаганди, унда рекорд даражадаги 901 миллиард доллар миқдорида ҳарбий харажатлар кўзда тутилган.
Live
Барчаси