Трамп 200 минг доллар гаров пули тўлашга рози бўлди

Олам

image

Кеча, 21 август куни АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг адвокатлари Фултон округи прокурори жамоаси билан учрашганидан сўнг, 200 минг доллар гаров пули тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Айтилишча, собиқ президентга Жоржиядаги сайловларга аралашиш иши бўйича 18 нафар айбланувчига ва гувоҳларга босим ўтказиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланган.

“Айбланувчи, ўзи билган ҳолда, бу иш бўйича шерик айбланувчи ёки гувоҳ бўлган ҳар қандай шахсни қўрқитишга ёки одил судловни амалга оширишга бошқача тарзда тўсқинлик қилишга қаратилган ҳеч қандай ҳаракат қилмаслиги керак. Юқорида айтилганларга ижтимоий тармоқдаги постлар ёки бошқа шахс томонидан ижтимоий тармоқда жойлаштирилган постларнинг репостлари киради”, дейилади Фултон округи Олий суди судьяси Скотт Макафи томонидан имзоланган қарорда.

Судьянинг буйруғи Трампнинг ушбу иш бўйича айбланувчлар ёки гувоҳлардан бирортаси билан, уларнинг адвокатлари орқали алоқа қилишдан ташқари, "бевосита ёки билвосита" алоқа қилишни тақиқлаган. Айрим судланувчилар учун гаров тўлаш тўғрисидаги қарорга ҳам худди шундай қоида киритилган.

Трамп шу ҳафта охирида қамоққа тушиши кутилмоқда. Фултон округида полиция ҳибсга олганида, қўлга олинган шахс қамоққа ташланади ва 72 соат ичида судья ҳузурига келтирилади. Катта эҳтимол билан, бу ишда айбланувчилар билан бундай бўлмайди, чунки уларга қарши айблов аллақачон эълон қилинган. Трамп ҳибсга олиш жараёнидан “расман” ўтиши мумкин.

Маълумот учун, Трампга қарши аллақачон тўртта жиноий иш очилган. Унга нисбатан жами 91 та айблов қўйилган. Жоржиядаги сайлов қонунчилигини бузиш иши билан бир қаторда, Трамп махфий ҳужжатлар билан ноқонуний муомала қилиш, сайловда фирибгарликка уриниш ва президентлик кампанияси учун йиғилган маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига дуч келмоқда. Шу билан бирга, Трамп 2024 йилги АҚШ президентлик сайловларида иштирок этиш учун кампаниясини давом эттирмоқда ва Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлиш учун курашда фаворит ҳисобланади. Агар у бирон бир айблов бўйича айбдор деб топилса ҳам, бу уни Қўшма Штатлар президентлигига номзод бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Дональд Трамп эртага, 23 август куни бўлиб ўтадиган Республикачилар партиясидан президентликка номзодлар ўртасидаги дебатда қатнашмаслигини маълум қилганди. Бунга сабаб сифатида у бошқа рақиблари орасида энг рейтинги баланди эканини келтирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг