Трамп дастлабки президентлик дебатларида қатнашмоқчи эмас
Олам
−
21 Август 2023
3038АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 23 август куни бўлиб ўтадиган Республикачилар партиясидан президентликка номзодлар ўртасидаги дебатда қатнашмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди.
“CBS томонидан ўтказилган янги сўровнома мен “афсонавий” рақамлар билан етакчилик қилаётганимни кўрсатди. Трамп 62%. Жамоатчилик менинг кимлигимни, менинг президентлигим қанчалик муваффақиятли (энергия мустақиллиги, кучли чегаралар ва кучли армия, энг катта солиқ имтиёзлари, инфляция йўқлиги ва яна кўплаб жиҳатлар билан) бўлганини билади. Бунга асосланиб, мен дебатда қатнашмайман”, деб ёзган собиқ президент.
Қайд этиш жоизки, CBS ва YouGov томонидан ўтказилган сўровномага кўра, собиқ президент Трампнинг мавқеи Республикачилар партияси тарафдорлари орасида ўзига қўйилган айбловлар фонида мустаҳкамланмоқда. Респондентларнинг 62 фоизи Трампни президентликка номзод сифатида танлаймиз, деб жавоб берган. Иккинчи ўринда 16% овоз билан Флорида губернатори Рон ДеСантис. Бизнесмен Вивек Рамасвами учинчи ўринда эди, респондентларнинг 7 фоизи уни пойга иштирокчиси сифатида кўришни хоҳлайди. Собиқ вице-президенти Майк Пенс эса 5% овоз олган.
Бир неча кун олдин “The New York Times” нашри ҳам Трампга яқин манбаларига таяниб, собиқ президент 23 август куни бўлиб ўтадиган Республикачилар партиясидан президентликка номзодларнинг биринчи дебатини ўтказиб юборишни режалаштираётгани ва бунинг ўрнига журналист Такер Карлсонга интервью бериши мумкинлигини хабар қилган. Дебат Карлсон аввал ишлаган “Fox News” телеканалида эфирга узатилади.
Маълумот учун, АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йил ноябрида бўлиб ўтади. Трампдан ташқари, Республикачилар партиясидан номзодликка собиқ вице-президент Майк Пенс, Флорида губернатори Рон ДеСантис, бизнесмен Вивек Рамасвами, АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли, Жанубий Каролина сенатори Тим Скотт ва Нью-Жерси собиқ губернатори Крис Кристи даъвогарлик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача собиқ президент Дональд Трампга қарши тўртта жиноий иш очилган. Булар махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш, молиявий ҳисоботларини сохталаштириш, 2020 йилги сайловларда мағлуб бўлганига қарамай, ҳокимиятда қолишга ва сайловлардаги мағлубиятини бекор қилишга уриниш ҳисобланади.