Трамп ҲАМАСга “жаҳаннам” билан таҳдид қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ҲАМАС ҳаракатидан барча исроиллик гаровга олинганларни 15 февраль куни тушгача озод қилишни талаб қилди. Бу ҳақда бугун, 11 февраль куни “Fox News” хабар берди.

“Агар шанба куни соат 12:00 га қадар барча гаровга олинганлар қайтарилмаса, мен ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувни бекор қилиш ва “жаҳаннам”ни бошлаш вақти келди деб ўйлайман”, дейди Трамп.

Кеча, 10 февраль куни ҲАМАС вакиллари Исроил сулҳ шартларига риоя қилмагани сабабли 15 февралга белгиланган гаровга олинганларни Исроилга топширишни кейинга қолдириш ниятида эканини маълум қилган эди.

Исроил томонидан тахмин қилинган қонунбузарликлар рўйхатига қуйидагилар киради: фаластинликларнинг Ғазо сектори шимолига қайтишига йўл қўймаслик, чодирлар, ёқилғи, дори-дармон ва вайроналарни тозалаш учун жиҳозларнинг киришига тўсқинлик қилиш.

Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац ҲАМАСнинг қарорини томонлар эришган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни “тўлиқ бузиш” деб атади ва Ғазо секторидаги ЦАХАЛ кучларини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келтирди.

Қайд этиш жоиз, ўтган ҳафтада Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қабул қилар экан, АҚШ Президенти Вашингтон Ғазо сектори устидан назорат ўрнатишини ва “барча хавфли портламаган бомбалар ва бошқа қуролларни олиб ташлаш учун жавобгар бўлишини”, қирғоқ чизиғини “Яқин Шарқ Ривьраси”га айлантиришини айтганди.

“Биз уни ривожлантирамиз, минглаб иш ўринларини яратамиз. Бу бутун Яқин Шарқ фахрланиши мумкин бўлган нарса бўлади”, деб ваъда берди Трамп.

Дональд Трамп Ғазо секторида яшовчи фаластинликларни кўчиришни таклиф қилди. Нетаньяху Трампнинг ташаббусини маъқуллаб, уни “инқилобий” деб атади.

Ўз навбатида, фаластинликлар, қатор араб давлатлари ва АҚШнинг Ғарб иттифоқчилари республикачини танқид қилиб, уни халқаро ҳуқуқни бузганликда айблади.

Танқидларга қарамай, 10 февраль куни Дональд Трамп Ғазо секторини сотиб олиш ниятини тасдиқлади.

“Уни қайта тиклашга келсак, биз уни Яқин Шарқдаги бошқа давлатларга беришимиз мумкин, улар ҳудудининг бир қисмини қуриши мумкин; бошқа одамлар буни бизнинг ҳомийлигимиз остида амалга ошириши мумкин”, дейди у.

Трамп, шунингдек, АҚШнинг иттифоқдошлари Иордания ва Миср, агар фаластинликларни Ғазо бўйича баҳсли режасини қабул қилишдан бош тортса, уларга ёрдам беришни “назарий” тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг