Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик модда топилди (видео)
3-саҳифа
−
23 Сентябрь 4163 2 дақиқа
Фарғона, Самарқанд, Наманган ва Андижон вилоятига Тожикистондан олиб келинган 66 кг наркотик модда тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Жумладан, Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Cobalt машинаси Тожикистондан Бешариқ туманида жойлашган “Ровот” чегара божхона постига кириб келган вақтида тўхтатилди. Автомашина синчковлик билан кўздан кечирилганда, унинг юкхонасига ўрнатилган газ баллони ичига 53 дона ўрамда гиёҳвандлик воситаси яширилгани маълум бўлди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўрамларда 50 кг 852 гр “опий” ва 6 кг 927 гр “гашиш” моддалари борлиги аниқланди. Терговга қадар текширув давомида автотранспорт эгаси уларни Душанбе шаҳридан олиб келаётгани маълум бўлди.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Gentra автомашинаси “Самарқанд-Навоий” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида Нарпай туманида тўхтатилди. Автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида Тожикистондан олиб келинган 981 гр героин моддаси борлиги маълум бўлди.
Наманган вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда эса “Андижон – Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган “ВАЗ 2106” русумли транспорт воситаси Норин тумани ҳудудида тўхтатилиб текширилди. Андижон шаҳрида яшовчи, 1979 ва 1986 йилларда туғилган ака-ука кетаётган автомашина салонидан 1 кг 833 гр “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, улардан бирининг яшаш манзилидан ҳам 1 кг 469 гр “гашиш” моддаси олинди. Терговга қадар текширув давомида ушбу “ажал оғуси” келгусида сотиб, мўмай даромад топиш мақсадида Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келингани маълум бўлди. ДХХга кўра, ака-укаларнинг каттаси муқаддам айнан наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳисобланади.
Навбатдаги ҳолатда эса Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро 3 кг 949 гр “гашиш” моддасини Андижон шаҳрида харидорга 28 минг долларга сотган вақтида қўлга олинди. Аниқланишича, қирғизистонлик фуқаро ушбу наркотик моддани муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан қолдириб кетилган Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидаги хуфия жойдан олган.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Эслатиб ўтаамиз, аввалроқ Тожикистондан олиб келинган қарийб 50 кг “опий” гиёҳвандлик воситаси мусодара қилинганди.
Live
Барчаси