Тошкентда “гашиш” мойидан печенье ва мармелад тайёрлаган шахс ушланди
3-саҳифа
−
10:58 280 2 дақиқа
Тошкентда интернет наркодўкони орқали гиёҳвандлик воситаларини тарқатиб келган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Улардан бирининг ижарадаги уйида нарколаборатория ташкил этилгани, у ерда “гашиш” мойидан печенье ва мармеладлар тайёрлангани аниқланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Дастлаб, 2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, интернет наркодўконида “закладчик”лик билан шуғулланган фуқаро Яшнобод туманида тўхтатиб текширилган. Унинг ёнидан тарқатиш учун тайёрланган 58 та ўрамда 74 грамм “гашиш” мойи топилган.
Тезкор-суриштирув давомида у гиёҳвандлик воситаларини мунтазам равишда шу йили туғилган наркодўкон омборчисидан олиб тургани аниқланган. Шундан сўнг, Чилонзор тумани Дўмбиробод маҳалласида тезкор тадбир давом эттирилган.
Наркодўкон омборчисининг ижарага олинган хонадонида ўтказилган тинтувда нарколаборатория аниқланган. У ердан 3,5 килограмм “гашиш” мойи, тарқатиш учун тайёрланган 361 та ўрамда 350 грамм “гашиш” мойи, 600 грамм “гашиш”, шунингдек, “гашиш” мойидан тайёрланган 1,5 килограмм печенье ва тўрт қадоқ мармелад топилган.
Бундан ташқари, гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш ва қадоқлашда ишлатиладиган қўлқоплар, шприцлар, зип-пакетлар, тарозилар, изолента, 500 та бўш флакон ҳамда турли жиҳоз ва ускуналар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жами 6 килограмм, 19 минг 250 дозага тенг гиёҳвандлик воситалари ва нарколабораторияда ишлатиладиган буюмлар ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 6-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида кўп миқдорда “гашиш” гиёҳвандлик моддасини сотган уч нафар фуқаро 5 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этилганди.
Live
Барчаси