Тожикистонда кучли ёғингарчилик қурбонлари сони 20 дан ошди
Олам
−
30 Август 2023
5436Тожикистонда кучли ёғингарчилик оқибатида ҳалок бўлганлар сони 21 нафарга етди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Аниқланишича, Ваҳдат шаҳрида яна икки нафар шахснинг, Варзоб вилоятида икки кишининг жасади топилган. Уларнинг орасида 40 кунлик чақалоқ ҳам бор.
Фавқулодда вазиятлар қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Умид Юсуфга кўра, Ваҳдат шаҳрида умумий ҳисобда 17 киши, Рудакий ва Варзоб вилоятларида эса икки нафардан одам ҳалок бўлган.
Унинг айтишича, Ваҳдат шаҳрини тиклаш ишлари учун қўмита ҳисобидан 3 тонна, Ҳисор шаҳрига 2 тонна дизель ёқилғиси ажратилган.
Ҳозирда Ваҳдат-Ромит автомобиль йўли тўлиқ лой ва тошлардан тозаланиб, унинг бўйлаб ҳаракатланиш тикланган. Воқеа жойида маҳаллий фавқулодда комиссиялар ишламоқда ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кучли ёғингарчилик Тожикистонда 27 август куни бошланганди. Душанбе, Ваҳдат ва Ҳисор шаҳарлари, шунингдек, Рудакий, Варзоб, Деваштич, Рашт, Сангвор ва Тожикобод туманлари сел ва кўчкилардан жиддий зарар кўрган. Аввалроқ ёғингарчилик қурбонлари 17 нафарга етганини маълум қилгандик.
LiveБарчаси